French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Сингапур муносабатлари ривожида парламентлараро алоқаларнинг ўрни
11:51 / 2023-05-26

Муносабат

Сингапур давлатида ҳеч қандай табиий ресурслар мавжуд эмас, чучук сув ҳам четдан импорт қилинади. Нарх-наво жуда баланд, уни баъзан “жарималар мамлакати” ҳам деб аташади. Аммо, кейинги 50 йил ичида мамлакатнинг ривожланиш стратегиясида фавқулодда жадал ўсиш суръатлари қайд этилди. Аҳоли турмуш фаровонлиги яхшиланиб, ишсизлик даражаси деярли ноль фоизга туширилди.  

Дунё бўйича жиноятчилик даражаси жуда паст кўрсаткични ташкил қилади. Бу каби ижобий ҳолатларни юзлаб келтириш мумкин.  

Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил бўлди. Шунга қарамасдан икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари жадаллашуви Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил январь ойида Сингапурга тарихий ташрифи якунида эришилган келишувлар билан бевосита боғлиқ.

Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон – Сингапур бизнес-форуми ташкил этилиб, унинг доирасида умумий қиймати қарийб 5 миллиард долларлик янги инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзоланган эди. Айни кунга қадар ташриф давомида эришилган барча келишувлар изчил амалга оширилмоқда.

Эътиборлиси, ушбу дўстона ҳамкорлик алоқалар орадан қисқа вақт ўтиб Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқубнинг 23-25 май кунлари мамлакатимизга қилган жавоб ташрифи доирасида янада жадаллик кашф этди.

 24 май куни “Кўксарой” қароргоҳида икки мамлакат етакчилари иштирокида бўлиб ўтган музокараларда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, жамоат хавфсизлиги ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича мулоқотларни фаоллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда улкан ютуқларга эришилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари бир неча баробарга ошиб, Сингапур Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторлари сафига кирди.  

Бугунги кунда Сингапурнинг “Indorama”, “Meinhardt Group”, “Franklin Templeton”, “Enercon”, “PSA”, “Changi Airport” ва бошқа етакчи компаниялари билан биргаликда кимё ва тўқимачилик саноати, транспорт ва логистика, шаҳарсозлик, таълим хизматлари, хусусийлаштириш соҳаларида 3,8 миллиард долларлик лойиҳаларнинг амалга оширилиши фаол паллага кирган.

Шу боис, мулоқот давомида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам батафсил кўриб чиқилди. Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасидаги Ўзбекистон – Сингапур бизнес-форуми натижалари савдо, логистика, инновациялар, энергетика, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда етакчи компанияларнинг инвестициявий шериклигини кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Сингапур Республикаси Ҳукумати ўртасида 2023-2026 йилларга мўлжалланган 10 га яқин ҳамкорлик тўғрисида битим ва меморандумлар имзоланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Президент Ҳалима Яқуб ва парламент аъзолари ўртасида бўлиб ўтган мулоқот жараёнида бевосита иштирок этиш орқали, яна бир бор Сингапурдек дунёда етакчи иқтисодий-ижтимоий ривожланишга эга бўлган давлатда мамлакатимиз тарихи ва тараққиётига жуда катта қизиқиш билдирилишига амин бўлдим.

Хусусан, суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатлар ривожланишида парламентлараро алоқаларнинг ўрни муҳим эканлиги, шу боис, савдо-иқтисодий, инновация, фан-таълим, давлат хизматчиларининг касбий ва бошқарув салоҳиятини оширишдаги Сингапурнинг илғор тажрибасини ўрганишда парламентлараро муносабатларни янада жадаллаштиришга келишиб олинди.

Ўз навбатида, Ҳалима Яқуб хоним Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, хусусан, хотин-қизлар учун яратиб берилаётган имкониятларни юқори баҳолади. Ўзбекистоннинг бой маънавий меросидан яхши хабардор эканлиги, шу боис, ўзбек халқи маданияти ва санъатига оид кўргазмаларни Сингапур ва унга туташ бўлган Осиё мамлакатларида ҳам намойиш қилиш борасида ўз фикрларини айтиб ўтди.

Албатта, ушбу мулоқот давомида билдирилган барча фикр ва мулоҳазаларни ҳаётга татбиқ этиш учун бугун барча имкониятлар мавжуд. Сабаби, Тараққиёт стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Осиё – Тинч океани минтақасидаги мамлакатлар билан ўзаро алоқага катта эътибор бериб келмоқда. Хусусан, дунёнинг йирик молия марказларидан бири Сингапур билан сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани фикримизнинг яққол тасдиғи бўла олади.

 

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА