Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Сербия ҳамкорлиги – дўстона дипломатик алоқаларнинг ёрқин намунаси
17:35 / 2025-10-29

Сербия Республикаси Президенти Александр Вучичнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи дўстона дипломатик алоқаларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:

– Дунёдаги геосиёсий жараёнларда давлатлар ўртасида рақобат кучайиб, ресурслар учун кураш тобора кескин тус олмоқда. Глобал иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, шунингдек, энергетика ва транспорт йўллари хавфсизлигига доир муаммолар турли зиддиятларни келтириб чиқармоқда. 

Бундай вазиятда давлатлар ўртасида тинчликпарвар алоқалар олиб бориш, ўзаро ҳурмат ва ишонч асосидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш беқиёс ҳамиятга эга. 

Ўзбекистонда бу борада мамлакат истиқболи ва халқимиз фаровонлиги йўлида ташқи дунёга нисбатан очиқ ва тинчликпарвар сиёсат олиб борилмоқда. Бу эса, хорижий давлатлар билан мамлакатимиз ўртасидаги ҳамкорлик йўналишларининг кенгайишига, дипломатик алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги илиқ муносабатлар, аввало, икки томоннинг 30 йиллик дипломатик алоқаларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқадиган ва амалиётда ўз ифодасини топадиган муҳим қадам бўлди. 

Давлатимиз раҳбари Сербия етакчиси Александр Вучични самимий қутлаш вақтида ҳамкорлик давридаги биринчи саммит тарихий аҳамиятга эга бўлишини айтиб, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган йилда амалга оширилган ташриф тарихий аҳамият касб этишини таъкидлади. Халқларимизни мустаҳкам дўстлик ришталари ва ўхшаш менталитет боғлаб туради. 

Сербия Болқон яриморолидаги марказий давлат сифатида қадимдан Европа минтақасини Яқин Шарқ ва Евроосиё билан боғлаб турувчи, минтақавий транспорт коридорлари кесишадиган геостратегик ва геоиқтисодий муҳим бўғин ҳисобланади. У Европа Иттифоқининг асосий ҳамкорларидан бири бўлиб, бугунги кунда Сербияда машинасозлик, металлургия, кимё ва IT соҳалари ривожланган ҳамда туризм ва фармацевтика соҳаларида юқори натижаларга эришилган. 

Учрашув кун тартибида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, машинасозлик, фармацевтика, кимё, IT ва агросаноатда ҳамкорлик қилиш, Транскаспий коридори орқали “Марказий Осиё - Болқон” транспорт йўлакларини ривожлантириш, Тошкентда Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида кўплаб соҳаларда дипломатик алоқаларни олиб бориш бўйича ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. “Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида битим”, “Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим”, “Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим”, “Таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида битим”, “Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича 2026-2027 йилларга мўлжалланган дастур” ҳамда “Меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум” шулар жумласидан.

Бу келишувлар келажакда икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтиради. Ташқи савдо географиясини кенгайтиради. Янги бозорларга чиқиш ва импорт-экспорт тизимини диверсификация қилиш учун шароит яратади. 

Меҳнат миграцияси соҳасида келишув меҳнат муносабатларини расмий тартибга солади, ҳуқуқий ҳимояни кучайтиради ҳамда малакали кадрлар учун янги имкониятлар яратади. Айниқса, Европа Иттифоқига яқин бўлган Сербия давлати билан ҳамкорлик мамлакатимизнинг экспорт имкониятларини оширади. Саноат ва технологияда модернизация суръатини тезлаштиради ҳамда инвестициялар жалб қилишни кенгайтиради. 

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Сербия муносабатлари келгусида нафақат икки давлат, балки бутун Марказий Осиё ва Болқон минтақаси ўртасида янги интеграцион кўприкни яратади. Умумий манфаатлар истиқболини кўзлаган янги геоиқтисодий маконни вужудга келтиришга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА