Саудия Арабистони Абха шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси вакилларининг Асир ҳудуди ҳокими, Шаҳзода Туркий бин Талол Ол Сауд билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Шаҳзода сўнгги йилларда Ўзбекистон йирик халқаро тадбирлар марказига айланиб бораётгани, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли эришилаётган ютуқлар жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлаётганини таъкидлади. Шунингдек, ўзбек олимларининг Ислом цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Ҳукуматимиз томонидан Саудия фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилганига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудуд раҳбари фикрича, ушбу чора давлатларимиз ўртасида туризм оқими тезлашиши, товар айирбошлаш миқдори ўсишига хизмат қилади.
Ўзбекистон томони ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқасини ўрнатиш, Туркий бин Талол Ол Сауд бошчилигидаги Асир ҳудуди делегациясининг диёримизга ташрифини уюштириш, шунингдек республикамиз қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини ҳамкор томон бозорларига етказиб беришни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки давлат Савдо-саноат палаталари ва бизнес доиралари шериклигини форум ва кўргазмаларда ўзаро иштирок этиш орқали фаоллаштириш таклиф этилди. Саудия томони ташаббусларимизни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади.
Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ҳамда ижросини назорат қилиш учун доимий ҳамкорлик тизимини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Азиза Алимова, ЎзА