Ўзбекистонда фаолият юритаётган Саудия Арабистони капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 36 га етди. Қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган 4 та йирик инвестиция лойиҳаси ҳамда жами қиймати 287 миллион доллар бўлган бир қатор ижтимоий йўналтирилган лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевнинг Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юсуф Ал-Утаиби билан бўлиб ўтган учрашувида айтиб ўтилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон – Саудия Арабистони муносабатлари ривожланишининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, шунингдек, яқин келажакда бир қатор икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.
Томонлар сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг фаоллашувини, хусусан, инвестициявий, энергетика ва савдо – иқтисодий соҳаларда ҳамкорликнинг жадал кенгайишини юқори баҳоладилар.
Асосан тўқимачилик, мева-сабзавот, пластмасса ва металл буюмлар ўзаро етказиб бериш ҳисобига жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 баравар кўпайгани қайд этилди. Савдо муносабатларини чуқурлаштириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидланди. Товарлар номенклатурасини кенгайтириш ва товар айирбошлаш кўрсаткичларини ошириш бўйича ишларни жадаллаштиришга ўзаро қизиқиш билдирилди.

Инвестициявий шерикликнинг янги "ўсиш нуқталарини" излаш ва турли соҳаларда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга доир аниқ таклифларни ишлаб чиқиш бўйича биргаликда ишлашга келишилди.
Икки давлатнинг бизнес ва ҳукумат доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган бўлажак икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари батафсил кўриб чиқилди.
ЎзА