Ўзбекистон ва Руминия ўртасида ўрнатилган дипломатия муносабатининг 30 йиллигига бағишланган рассомлик ва инсталляция кўргазмаси очилди.
Ушбу мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси ЎзАга хабар беришича, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номли Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида ташкил этилган намойишга 33 картина ва 4 инсталляциядан иборат асарлар тўплами қўйилган. Тадбирда элчихоналар, дипломатик корпус вакиллари сўзга чиқди. Фавқулодда ва мухтор элчи Даниэль Кристиан Чобану икки томонлама алоқа барча соҳаларда жадал ривожланаётганини қайд этди.

Руминия компанияларининг Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятига қизиқиши ортиб боряпти, ўзаро савдо ҳажми ўсмоқда.
Эслатиб ўтамиз, икки давлат дипломатик муносабати 1995 йил 6 октябрда ўрнатилган. Юбилей муносабати билан Руминия ташқи ишлар вазири Оана Цою ва мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари Бахтиёр Саидов табрик хатларини алмашди.


Б.Худойбердиев, ЎзА