Солиқ қўмитаси делегациясининг Москва шаҳрига амалий ташрифи доирасида Россия Федерал солиқ хизмати билан ўзаро тажриба алмашиш ишлари бошланди.
Ишчи ташрифнинг биринчи кунида томонлар блогерлар ҳамда интернет тармоғида фаолият юритувчи бошқа шахслар даромадлари устидан солиқ назоратини амалга ошириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Рақамли иқтисодиёт шароитида онлайн фаолиятдан олинаётган даромадларни ҳисобга олиш, шаффофликни таъминлаш ва солиқ интизомини мустаҳкамлаш бўйича ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар давомида солиқ хизмати брендини оммалаштириш, очиқлик даражасини ошириш ва фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш мақсадида медиа ҳамжамият билан яқин ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ахборот сиёсатида шаффофликни кучайтириш, жамоатчилик билан очиқ мулоқот ўрнатиш ва рақамли платформалардан самарали фойдаланиш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.
Шунингдек, Россия томони солиқ органлари фаолиятида хизмат кўрсатишга йўналтирилган ёндашувларни тақдим этди. Жумладан, солиқ тўловчилар учун қулай электрон хизматлар яратиш, улар билан ўзаро самарали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, мавжуд тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда маъмурий юкламани камайтириш борасидаги амалий тажриба билан ўртоқлашилди.

Мазкур тажриба алмашиш жараёни илғор ечимларни ўрганиш, замонавий бошқарув усулларини татбиқ этиш ва уларни келгусида Ўзбекистон солиқ органлари фаолиятига мослаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ташриф доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба ва ахборот алмашишни тизимли равишда давом эттириш бўйича келишувларга эришилиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА