Қозон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиянинг ўнинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, таълим, аграр ва гуманитар соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алмашинувини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
2025 йил январь-июль ойларида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ўтган йилга нисбатан 6,5 фоизга ўсгани, Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми эса 17 фоизга ошгани қайд этилди.

Ўзбекистонда Россиянинг 14 та етакчи олий таълим муассасаси филиали фаолият юритмоқда. Уларда 20 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги парламент дипломатияси бугунги кунда стратегик шерикликнинг муҳим таркибий қисмига айланган.
Иқтисодий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий алмашинув ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Мажлисда минтақалар ўртасидаги алоқаларнинг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб, Татаристон, Бошқирдистон, Москва, Самара каби областлар мисолида ҳудудлараро ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида қайд этилди. Парламент аъзолари бу ташаббусларни қонунчилик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалигида экологик тоза маҳсулотларни Россия бозорига етказиб бериш, транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш ва фитосанитария талабларини соддалаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш муҳим экани таъкидланди.
Туризм алмашувини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт ва виза тартиботларини соддалаштириш каби масалаларга эътибор қаратилди.
Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик – маданий алмашинувлар, ёшлар дастурлари ва аёл парламент аъзолари ўртасидаги мулоқотни қўллаб-қувватлаш – икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА