English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Россия: парламент дипломатияси фаол давом эттирилади
19:49 / 2024-07-14

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Санкт-Петербург шаҳрида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан музокара ўтказди.

Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ва минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида икки давлат раҳбарларининг муносабатлари ўзига хос – дўстона, ўзаро ишончга асослангани, мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ҳар томонлама стратегик шериклик характерига эга экани алоҳида қайд этилди.

Мулоқот чоғида иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.  

Ўзбекистон ва Россия ўртасида эришилган келишувларни ва савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш учун парламент дипломатияси механизмларидан фаол фойдаланиш зарурлигига урғу берилди.  

Томонлар халқаро парламентлараро ташкилотлар, хусусан, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси ва Парламентлараро иттифоқ доирасидаги ҳамкорликни фаол давом эттириш юзасидан якдил фикр билдирди.

Н.Абдураимова, ЎзА