Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Кирилл Лисогорский билан учрашди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтиришдан ҳар икки давлат манфаатдорлиги қайд этилди. Шунингдек, янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш, ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумотга кўра, 2025 йил якунида ўзаро савдо миқдори 13 миллиард долларга етиб, аввалги йилга нисбатан 8,4 фоиз ошган. Ўсиш суръати жорий йил ҳам сақланиб турибди: январ ойида 37 фоиз кўтарилиб, 1.1 миллиард долларни ташкил этди.
Мулоқотда 20–22 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Иннопром. Марказий Осиё” 6-Халқаро саноат кўргазмасига тайёргарлик масаласи ҳам муҳокама қилинди. Мазкур тадбир янги саноат кооперацияси ташаббусларини илгари суриш учун муҳим платформа экани таъкидланди.

Г.Сатторова, ЎзА