Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Россия нотариуслари ҳамкорлик қилади
16:52 / 2022-11-05

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Нотариал палатаси ва Россия Федерацияси Федерал Нотариал палатаси томонидан “Нотариат фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси нотариал палаталари аъзолари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган анжуманда Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Д.Ашуров мамлакатимизда нотариат соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, хорижий давлатлар палаталари билан ҳамкорлик, Ўзбекистон Нотариал палатасининг Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлгани ҳақида сўз юритди.  

Россия Федерация Федерал Нотариал палатаси президенти Константин Корсик нотариатни рақамлаштириш, бу борада Россияда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ўзбекистонда нотариат соҳасида амалга оширилган ўзгариш, ташкил этилганига эндигина икки йил бўлган нотариал палатанинг муваффақиятларини эътироф этди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Нотариал палатаси ва Россия Федерал Нотариал  палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми, Москва шаҳар Нотариал палатаси ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатасининг Самарқанд  вилоят бошқармаси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.  

– Биз 30 йиллик тажрибага эга Россия Федерацияси хусусий нотариусларининг фаолиятига ҳам жорий қилса бўладиган янгиликлари бор Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорлик меморандуми имзолаганимиздан хурсандмиз, – деди Россия Федерал Нотариал палатаси президенти Константин Корсик. – Биз бир неча бор учрашувлар, онлайн ва оффлайн суҳбатлар ўтказиш орқали бир-биримиздан ўрганадиган жиҳатлар борлигини, ҳамкорлик меморандумимиз орқали Россия ҳамда Ўзбекистон фуқаролари учун жуда катта қулайликлар яратишимиз мумкинлигига ишонч ҳосил қилганимиздан кейин, бу ҳамкорлик меморандумини имзоладик.

Халқаро конференцияда Москва шаҳар нотариал палатаси халқаро ҳамкорлик комиссияси аъзоси Юрий Кашурин “Масофавий нотариат” мавзусида маъруза қилди. Унда масофавий нотариатнинг ҳуқуқий асослари, масофадан туриб, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби, унинг афзаллик томонлари тўғрисида батафсил тақдимот қилди.

Федерал Нотариал палата бошқаруви аъзоси, Самара вилояти нотариал палатаси президенти  Галина Николаева “Нотариус томонидан таъминланган далиллар кучи” мавзусида тақдимот қилди. Далилларни таъминлаш Россия нотариуслари томонидан амалиётда қандай амалга оширилаётганлиги, бунда нималарга эътибор бериш кераклиги, далилларни таъминлаш муддатлари, шароитлари, тартиби ҳақида батафсил тушунча берди. Айтиш жоизки, далилларни таъминлаш амалиёти Ўзбекистонда ҳам жорий этилган бўлиб, бу борада илк амалиёт ўтган йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган эди.

Конференция доирасида меҳмонлар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходими Умиджон Валиев томонидан “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими тақдимот қилинди. Мазкур тизим хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳамда фуқаролар  учун жуда катта қулайлик яратилган. Айниқса, давлат органлари ва ташкилотларининг электрон базаси билан интеграция қилинганлиги, фуқароларнинг ташкилотлар ўртасида сарсонгарчиликларининг олдини олади. Мисол учун, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати электрон базаси билан интеграция фуқарога тегишли автомототранспортнинг русуми, рақами, унга қўйилган тақиқ ва бошқа маълумотларни тизим орқали кўриш имконини беради.

 Анжуман давомида томонлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашди.

 Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА