Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ёш самбочилари қўшма машғулотда қатнашди
12:13 / 2022-07-12

Ёш спортчиларни нуфузли мусобақаларга тайёрлаш, улар ўртасида рақобатни кучайтириш орқали иқтидорли спортчиларни саралаш борасида Ўзбекистон самбо ассоциациясида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Тошкент вилоятининг Ҳумсон қишлоғидаги “Ғунча” болаларни соғломлаштириш оромгоҳида мамлакатимиз ҳамда қўшни Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳри самбочи болалар жамоалари ўртасида ташкил этилган қўшма ўқув-машғулот йиғини ҳам айни мақсадга қаратилди. 

– Терма жамоа учун истеъдодли ёшларни саралашда қўшма машғулотларнинг аҳамияти беқиёс. Юртимиз спортчиларининг халқаро майдонда қўлга киритаётган ҳар бир ютуғи ортида шундай машғулотлар натижасида сараланганларнинг истеъдоди ва мураббий-мутахассисларнинг изланиши ётибди. Қозоғистонлик самбочилар билан ўтказаётган қўшма йиғиндан кўзланган мақсад ҳам шунга қаратилган, – дейди Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов. 

Қўшма ўқув-машғулот якунида ҳар икки жамоа вакиллари ўртасида жамоавий мусобақа ташкил этилди. Шиддатли ўтган баҳслар якунига кўра, ҳамюртларимиз ғолибликни тантана қилди. 

– Ўртоқлик учрашувида кимнинг ғолиб бўлиши у қадар аҳамиятли эмас. Муҳими, бундай учрашувлар орқали жамоалар ўз спортчиларининг техник-тактик ҳаракатларини, руҳий мувозанатини текшириш билан ҳар бир вазндаги талантларнинг имкониятини яна бир карра синовдан ўтказиб олишди, – дейди самбо бўйича мамлакатимиз терма жамоаси бош мураббийи Раман Шокиров. 

Т.Рўзиев, ЎзА