Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигида Қозоғистон делегацияси иштирокида 2025 йилга мўлжалланган стратегик ислоҳотлар доирасида ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Агентлик директори Баходир Раҳматов, қўшни давлат Сенати Раиси ўринбосари Жакип Асанов, шунингдек Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ходимлари ва Қозоғистон Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги вакиллари иштирок этди.
Томонлар мулоқот давомида давлат бошқарувини модернизация қилиш, рақамли технологияларни жорий этиш, барқарор ривожланиш ва инвестиция жалб қилиш каби устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Умумий мақсадларга эришиш учун саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди, бошқарув жараёнига инновацион технологияни интеграция қилиш муҳимлиги қайд этилди.
[gallery-19991]
– Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2022 йил 22 декабрда юртимизга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Қозоғистон Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги ўртасида 7 та йўналиш, жумладан, стратегик режалаштириш, ислоҳотлар самарадорлиги ва давлат органлари фаолиятини таҳлил қилиш бўйича ҳамкорликни ўз ичига олган меморандум тузилган, – деди Б.Раҳматов. – Шу муносабат билан СИА ва Қозоғистон Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги ўртасида 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорликка оид “йўл харитаси”ни қабул қилишга, стратегик ислоҳотлар соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрмиз.
Давра суҳбати давомида таълим, фан ва технология, инфратузилмани яхшилаш, тадбиркорлик учун қулай шароит яратишга қаратилган қўшма ташаббусларни илгари суриш орқали узвий ҳаракатни фаоллаштириш йўллари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Қозоғистон томони ҳам минтақавий барқарорлик ва иқтисодий фаровонлик сари одимлаш мақсадида Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликка тайёрлигини тасдиқлади.
Тадбир якунида узоқ муддатли изчил иқтисодий ўсишни таъминлаш, фуқаролар фаровонлиги даражасини ошириш ва Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни биргаликда амалга ошириш нияти маъқулланди.
Ўткир Алимов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА