Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари амалий ҳамкорликни янада кенгайтиради
19:32 / 2021-06-04

2021 йил 4 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Сенати Раиси Маулен Ашимбаев бошчилигидаги парламент делегацияси билан учрашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Қозоғистон Республикаси Сенати Раисини юртимизга ташрифи билан самимий қутлаб, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган фаолиятига муваффақият тилади.

Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қўшнилар, вақт синовидан ўтган ҳамкорлардир. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юқори ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланиб бормоқда. Турли даражадаги алоқаларнинг фаоллашуви мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини англатади.

Мулоқот чоғида меҳмонларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва фракциялари иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида гапириб берилди.

[gallery-2675]

Қозоғистон Республикаси Сенати Раиси М.Ашимбаев самимий учрашув ва суҳбат учун миннатдорлик билдириб, конструктив ва амалий руҳдаги мулоқотларни изчил давом эттириш, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш икки томон манфаатларига бирдек хизмат қилишини қайд этди.

Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида ўтган суҳбатда Ўзбекистон –Қозоғистон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўлами тобора кенгайиб бораётгани хусусида сўз юритилди.

Мулоқотда Н.Исмоилов Қозоғистон парламенти вакилларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан шу йил 24 июнь куни Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “Барқарор мақсадларга эришишда парламентлараро глобал шериклик” мавзуидаги халқаро форумга, 2021 йил 12-13 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференциясига таклиф этди.

Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашда парламентларнинг ролини кучайтиришга келишиб олди.

Қозоғистон Республикаси Сенати Раиси Маулен Ашимбаев бошчилигидаги делегация шу куни пойтахтимиздаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрди.

Меҳмонлар мажмуа фаолияти билан танишдилар, тарихий ёдгорликнинг меъморий ечимига, туташ ҳудудни ободонлаштириш ишларига юқори баҳо бердилар.

Шундан сўнг делегация аъзолари пойтахтимиздаги “Texnopark” кўп тармоқли ишлаб чиқариш мажмуасига ташриф буюрди.

Мазкур “Texnopark” МЧЖ юқори технологияли, рақобатбардош, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи корхоналар ташкил этиш бўйича вазифаларни амалда рўёбга чиқаришни мақсад қилган саноат корхоналари гуруҳини ўзида ифодалайди.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА