Маълумки, ўтган ҳафта Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи амалга оширилди.
Ушбу олий даражадаги ташрифни йил сўнгидаги муҳим сиёсий воқеа сифатида баҳолаш мумкин.
Музокаралар давомида имзоланган салмоқли хужжатлар тўплами, хусусан, алоҳида эътиборга лойиқ Иттифоқчилик муносабати ўрнатиш тўғрисидаги шартнома ўзаро алоқаларни янги поғонага олиб чиқиши тайин.
Эришилган келишувларни эксперт-таҳлил доиралари ҳам тарихий, деб эътироф этишмоқда.
Марказий Осиё халқаро институтида давом этаётган, айни ташриф якунига бағишланган “Ўзбекистон – Қозоғистон. Стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг ривожланиш истиқболи” номли конференцияда мазкур ташриф натижалари – икки мамлакат етакчилари томонидан белгилаб берилган ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, режаларни амалга ошириш йўллари муҳокама қилинди.
Анжуманда, жумладан, иқтисодиёт, траспорт ва энергетика соҳаларига оид масалалар кўриб чиқилди.
Ҳозирги даврда долзарб ҳисобланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Таҳлилчилар муҳокама давомида ушбу йўналишларда амалга оширилиши керак бўлган ишлар бўйича таклифлар киритгани бежиз эмас. Зеро, сув ресурслари ва экология масаласи ҳам Қозоғистон ва Ўзбекистан раҳбарлари диққат марказида бўлди.
Президентлар яна бир бор трансчегаравий сув ресурсларидан ҳурмат ва ишонч руҳида биргаликда фойдаланиш, Орол фожиаси салбий оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканлигини тасдиқладилар.
Таъкидлаш лозим, айни йўналишда охирги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик анча фаоллашди, аллақачон амалий натижаларга ҳам эришилмоқда.
Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик, идоралар ўртасида доимий мулоқот ўрнатилган.
Бунинг натижасида сув танқислиги муамоллари босқичма-босқич бартараф этиляпти, сув тежовчи технологиялар жорий қилиш бўйича тажриба алмашиш йўлга қўйилмоқда, Орол денгизининг қуриган тубида кўкаламзорлаштириш ишлари жаддалаштирилмоқда.
Умуман, бугун Ўзбекистон ва Қозоғистон бир қатор долзарб масалалар бўйича намунавий ҳамкорликни намойиш қилмоқда. Бу минтақавий даражадаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Нозим Ҳасанов,
Марказий Осиё халқаро институти
бош илмий ходими