Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига Куляш Байсеитова номидаги Қозоғистон миллий санъат университети ректори, профессор Галим Аҳмедяров ташриф буюрди. Меҳмонни институт ректори, профессор Нодирбек Сайфуллаев самимий кутиб олди.

Учрашув чоғида икки олий таълим муассасаси раҳбарлари ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболли йўналишлари ҳақида фикр алмашди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни назарда тутувчи ҳамкорлик меморандумини имзолашди.
Ташрифнинг амалий қисмида Г.Аҳмедяров институтда яратилган шарт-шароитлар ва ўқув жараёнлари билан яқиндан танишди.

Жумладан, “Драматик театр ва кино актёрлиги санъати” таълим йўналиши 3-босқич талабаларининг “Куёв” дипломолди спектаклидан парча, шунингдек, ушбу йўналишнинг 3-босқич талабаларининг фильмларга овоз бериш жараёнлари, 2-босқич “Драматик театр режиссёрлиги” талабаларининг “Уруш одамлари” спектаклидан парча намойиш этилди.
Г. Аҳмедяров ҳар бир жараённи диққат билан кузатар экан, аввало курс бадиий раҳбарларининг меҳнати ва талабаларнинг ижро маҳоратига юқори баҳо берди. Шунингдек, икки олийгоҳ ўртасидаги ижодий ҳамкорлик санъат соҳаси ривожига хизмат қилишини таъкидлади.
Н. Усмонова,
ЎзА