Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари раҳбарлари учрашди
12:20 / 2022-09-29

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси раиси Данияр Жаналинов билан учрашди.

Ташрифда асосий эътибор Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил декабрь ойида Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида божхона соҳасига доир имзоланган икки томонлама ҳужжатларнинг ижросига қаратилди. 

Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида иккала мамлакат божхона хизматлари раҳбарлари ўтган йил 25 декабрда ишчи учрашув ўтказиб, ҳамкорликка доир баённомани имзолаган. 

Бу галги учрашувда ўзбек-қозоқ давлат чегарасида жойлашган “Навоий” (Ўзбекистон) – “Қоплонбек” (Қозоғистон) ҳамда “Доут ота” (Ўзбекистон) – “Тажен” (Қозоғистон) чегара-божхона постларида қурилиш-бунёдкорлик ишларини амалга ошириш муддатларини ўзаро мувофиқлаштириш ва бу жараёндаги вазифаларнинг ижроси батафсил муҳокама қилинди.  

Шунингдек, божхона чегаралари орқали транзит тарзда ҳаракатланаётган товар ва транспорт воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тизимини жорий йил 15 декабридан бошлаб ишга туширишга келишиб олишди. 

Учрашувда икки давлат ўртасида ташқи савдо бўйича божхона статистикаси маълумотларини ўзаро таққослаш ва мувофиқлаштириб бориш, божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган энергия ресурсларини биргаликда божхона назоратидан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.  

Божхонага доир масалаларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва ҳал этиш мақсадида  Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси таркибида доимий “божхона хизмати вакили” фаолиятини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди. 

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг 2023-2024 йилларга мўлжалланган режаси имзоланди.  

Келишувга биноан навбатдаги учрашув 2023 йилнинг иккинчи чорагида бўлиб ўтади. 
 

ЎзА