Ўзбекистон ташқи сиёсатида қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналиш ҳисобланади. Айниқса, иқтисодиётнинг муҳим соҳаларида тажриба алмашиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш икки мамлакат тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади.
Айни кунларда Қирғизистоннинг йирик электр хизматлари кўрсатувчи компания вакиллари мамлакатимиз электротехника саноати ютуқлари билан танишмоқда.
"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирнинг асосий мақсади қирғизистонлик ҳамкорларни қурилиш объектларида қўлланиладиган электротехника маҳсулотлари сифати билан яқиндан таништириш, мавжуд тажрибаларни ўртоқлашиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олишдан иборат.
Учрашувда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятлари, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга жавоб бериши ва рақобатбардошлиги хусусида ҳам маълумотлар берилди. Бу танишув туфайли қатор истиқболли йўналишлар белгилаб олинмоқда. Жумладан, Қирғизистон бозорида маҳаллий маҳсулотларга талаб ортиши, электротехника маҳсулотлари экспорти ҳажмининг кенгайиши, келгусида икки мамлакатда савдо уйлари ташкил этилиши учун замин яратилади.
Шунингдек, учрашув доирасида электротехника соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиш, турли инновацион технологияларни амалиётга жорий қилиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу ташриф нафақат икки давлат иқтисодий алоқаларини ривожлантириш, балки қардош халқлар ўртасида дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик соҳаларни диверсификация қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва минтақавий иқтисодий барқарорликка ҳисса қўшиш имкониятини беради.
Уюшма ахборот хизматига кўра, Қирғизистон ва Ўзбекистон мутахассислари ўртасидаги мазкур мулоқот икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичидир. Негаки, бу ҳамкорлик нафақат электротехника саноати, балки умумий иқтисодий ривожланиш учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА