Наманган вилоятидан 15 нафар ёш мутахассис Доҳа илм-фан ва технология университетида 10 ойлик ўқув дастурини ўташ учун Қатарга етиб келди. Ўқишни муваффақиятли якунлагандан сўнг, мутахассислар Намангандаги Ўзбекистон-Қатар касб-ҳунар марказида инструктор сифатида фаолият юритади.
2024 йилда Қатардаги Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан ишга туширилган мазкур лойиҳа ёшларни жаҳон стандартларига мос касбий кўникмалар билан таъминлашни мақсад қилган. Жорий йил март ойида юртимиздаги Прогрессив ислоҳотлар маркази ва Доҳа илм-фан ва технология университети ўртасида академик ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди ва у Намангандаги Ўзбекистон-Қатар касб-ҳунар марказининг асосини яратди.

Марказ пайвандлаш, сантехника, электр ишлари ва умумий муҳандислик йўналишлари бўйича йилига минг нафар мутахассисни тайёрлашни режалаштирган. Дастур Доҳа университетининг юқори талабларига асосланган бўлиб, иштирокчиларни зарур билим ва кўникмалар билан таъминлайди. Ўқув йиғини сўнгида битирувчиларга халқаро сертификатлар топширилади.
Дастур Ўзбекистоннинг ишчи кучи салоҳиятини модернизация қилишга, Қатарнинг эса халқаро шерикликни қўллаб-қувватлашга бўлган интилишларини намоён этади.
М.Пирматова, ЎзА