Мамлакатимизнинг очиқ иқтисодий сиёсати, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари кўплаб давлатларнинг эътиборини тортмоқда. Хусусан, хорижий мамлакатлар билан савдо ва инвестицион алоқаларни ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар шаклланмоқда.
Ана шундай жараёнларнинг амалий кўриниши сифатида Польша делегациясининг мамлакатимиздаги учрашувлари икки давлат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров ҳамда Польша Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқларни ривожлантириш вазири Стефан Краэвски “Корзинка” супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, озиқ-овқат таъминотини диверсификация қилиш ҳамда бозорга янги маҳсулотларни етказиб бериш бўйича истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, учрашув аввалида Зафар Ҳошимов “Корзинка” тармоғининг фаолияти, республика миқёсида аҳолига сифатли ва барқарор таъминот яратишдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот тақдим этди.
Суҳбат давомида Польша маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига олиб киришда “Корзинка” тармоғи муҳим шерик сифатида катта имкониятларга эга экани, йирик логистика инфратузилмаси ва кенг савдо майдонининг ишончли платформалиги алоҳида қайд этилди.
Польша делегацияси Ўзбекистонга ўз маҳсулотларини мунтазам ва тизимли равишда экспорт қилишга тайёрлигини билдирди. Жумладан, шакар етказиб бериш бўйича дастлабки таклифлар тақдим этилди. Шунингдек, озиқ-овқатнинг бошқа турлари ва қайта ишланган маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича кенг қамровли режалар илгари сурилди.
Учрашув якунида томонлар савдо алмашинувини ошириш, Польшанинг сифатли маҳсулотларини Ўзбекистон истеъмолчиларига етказиш ва чакана савдо тармоғи билан узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА