Покистон Ислом Республикасининг “Associated Press of Pakistan” ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев билан интервью уюштирди. Мақолада дипломатимиз тарихий “Ипак йўли” бўйлаб жойлашган икки муҳим давлатнинг стратегик аҳамияти минтақа иқтисодиёти ва савдо интеграциясида муҳим ўрин эгаллаши баробарида туризм алоқаларини ҳам мустаҳкамлашини таъкидлаган. Элчимиз “Ўзбекистон: Ипак йўли гавҳари” сайёҳлик ва маданият кўргазмасининг очилишида кўп асрлик тарих, дин, маданият ва анъаналарга эга икки халқ дўстлиги ва шериклиги мустаҳкамланаётганига эътибор қаратган:
– Фурсатдан фойдаланиб, Покистон туроператорлари, инвесторлари ва бизнес раҳбарларини қўшма саёҳат пакетлари, меҳмондўстлик лойиҳалари ва маданий тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликка чақирмоқчиман. Ота-боболаримиз заминини бир вақтлар Буюк Ипак йўли боғлаган, бу йўлда савдогар, олим, шоир-у, сайёҳлар Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида бемалол ҳаракат қилганлар. Бугун биз ўша тарихий алоқаларни замонавий тарзда – туризм, маданий алмашинув, одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар орқали қайта тиклаяпмиз. Покистонлик биродарларимизни халқларимизнинг умумий меросини акс эттирувчи ушбу хазиналар зиёратига таклиф қиламан. Покистоннинг бой маданий ва табиий мероси – Лаҳордаги Мўғул ёдгорликларидан тортиб, Синднинг жонли анъаналари, шимолий водийларнинг ҳайратланарли гўзаллигигача юксак қадрланади. Бу борада ҳаво йўллари муҳим ўрин тутади. Эндиликда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Тошкентдан Лаҳорга ва Исломободга тўғридан-тўғри рейслар амалга оширади. Бундан ташқари, бошқа йирик шаҳарлар билан ҳам мунтазам ҳаво алоқасини ўрнатиш бўйича фаол иш олиб бориляпти. Ушбу рейслар нафақат саёҳатни янада қулайлаштиради, балки дўстлик, савдо-сотиқ ва ҳамкорликнинг ҳақиқий кўприги бўлиб хизмат қилади.
Ўз навбатида тадбир меҳмонлари – Покистон Бош вазирининг туризм бўйича координатори Сардор Ёсир Илёсхон ва Туризмни ривожлантириш корпорацияси бошқарувчи директори Афтабур Раҳмон Рана ҳам мамлакатларимизнинг жозибали туризм салоҳиятини алоҳида таъкидлаган.
М.Пирматова, ЎзА