Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорлари ўртасида меморандум имзоланади
23:37 / 2021-07-14

Тошкент халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон – Покистон савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, илмий-технологик ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ва уни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.

Комиссия томонидан алоқадор вазирлик ва идоралар раҳбарларига келгуси йилларда савдо айланмаси кўрсаткичларини доимий ошириб бориш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқишга доир кўрсатмалар берилди.

Таъкидлаш керак, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат, фармацевтика, кимё саноати ва бошқа соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, савдо ва транзит бўйича икки томонлама ҳужжат имзоланади.

– Ўзбекистонда инвестициявий соҳага қаратилган ҳамкорлик бўйича Покистон томонидан 160 нафар вакил иш олиб бормоқда. Тошкент – Лохар ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилгани ҳам ўзаро алоқаларнинг кенгайишига сабаб бўлади, – деди Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд.

Йиғилишда томонлар Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хоннинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифининг кун тартибини ташкилий-техник ва мазмун жиҳатидан бойитиш масалаларини ҳам кўриб чиқди.

Томонлар икки мамлакат ўртасида туризм соҳасида, шу жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш зарур эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Покистон Ислом Республикаси ҳукуматининг ҳудудлараро мувофиқлаштириш вазирлиги ўртасида Меморандум имзоланди.

Йиғилиш натижалари бўйича якуний баённома имзоланиб, унда тадбир давомида эришилган асосий келишувлар акс эттирилди. Икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА