Марказий ва Жанубий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўтмишда нафақат муштарак савдо-тижорий, балки улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий меросга, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлишган.
Айни шу жиҳатдан, икки томонлама ҳамкорликнинг шаклланиши ва жадал ривожланиши замирида илм-фан ва таълимнинг ҳиссаси беқиёсдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «Халқларимиз ўртасидаги ана шундай ўзаро қалин алоқалар жадал интеллектуал ва маърифий юксалишни таъминлади. Бу жараён дунёга Чарака ва Сушрута, Брахмагупта ва Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний ва Форобий, Беруний, Ибн Сино сингари яна кўплаб етук олим ва мутафаккирларни етказиб берди... Буюк олимлар – Абу Райҳон Беруний ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари тарихи, илм-фани ва маданиятининг чинакам энциклопедиясидир».
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги фан ва таълим ҳамкорлик алоқалари ривожида Тошкент давлат шарқшунослик университети алоҳида ўрин эгаллайди. Университетнинг «Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиё тиллари» кафедраси 1947 йилда ташкил топган бўлиб, қарийб 75 йилдан бери мазкур кафедрада малакали профессор-ўқитувчилар томонидан урду тили, урду адабиёти, урду тили лексикологияси, урду тили назарий грамматикаси ҳамда урду тили тарихи каби махсус курслар ҳам ўқитилиб келинмоқда.
Ҳозирги кунда мазкур кафедрада ҳинди, урду, малай ва индонез тиллари бўйича жами 20 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритиб келмоқда. Улардан 7 нафари урду тили ва адабиётидан бакалавриат ва магистратурада дарс беришмоқда. 2020-2021 ўқув йилида ТДШУ «Шарқ филологияси ва таржимашунослик», «Шарқ мамлакатлари иқтисодиёти, сиёсати ва туризм» факультетларида 100 га яқин талаба урду тилини ўрганиб келмоқда.
Ўз навбатида Тошкент давлат шарқшунослик университетида Покистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган «Покистон маркази»нинг фаолият юритаётганлиги илмий, маданий алоқаларимизнинг ривожланишида, ёш урдушунос мутахассисларни тайёрлашда муҳим ўринга эга. Университетда бугунги кунда фаолият кўрсатаётган урдушунос олимларнинг охирги 3 йил мобайнида урду тили ва адабиёти бўйича 2 та дарслик ва 2 та монография яратганлиги, шунингдек, республика ва халқаро миқёсдаги ютуқлари алоҳида эътирофга молик. Ушбу эътирофларнинг мисоли сифатида қуйидагиларни қайд этиш жоиз:
Урду тилининг жонкуяр тарғиботчиси Р.Муҳаммаджонов 1996 йили «Алишер Навоий – Ўзбекистоннинг буюк шоири» номи билан нашр қилиниб, китобхонларга тақдим қилинди. Бу асарнинг чоп этилиши икки халқ ўртасидаги маданий ва адабий алоқаларни янада юқори чўққига кўтаришга қўйилган янги қадам бўлди. Ана шу жонбозликнинг самараси ўлароқ устоз вафотидан кейин “Pride of performance” (Гўзал хизмати учун) унвонига сазовор бўлдилар. 2002 йилда кафедранинг доценти М.Абдураҳмонова доктор Қамар Райис билан ҳамкорликда Бобурнинг ғазал ва рубоийларини урду тилида чоп этди. Доцент Т.Холмирзаев жуда кўп йиллик меҳнатдан сўнг «Урду-ўзбек луғати»ни яратдилар. Бу луғат 2003 йилда Покистоннинг нуфузли «Муқтадира Қаўми забан» ташкилоти томонидан чоп этилди.
2013 йилда олимнинг иккинчи луғати - «Урду руси луғат» мазкур ташкилот томонидан дунё юзини кўрди. Бу хизматлари учун Т.Холмирзаев Покистоннинг «Ситара-е-Имтияз» мукофоти билан, шунингдек, 2019 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган. 2007 йилда олим А.Иброҳимовнинг «Урду ва ўзбек тилларида муштарак сўзлар» луғати Исломободда Muqtadara Qaumi Zaban нашриётида чоп этилди. А.Иброҳимов Эркин Воҳидовнинг «Олтин девор» асарини урду тилига таржима қилган ва спектакль Покистонда намойиш этилган. 2020 йилда доцент Муҳайё Абдураҳмонова «Ғолибнинг сара ғазаллари» китобини нашр эттирди. 2021 йилда М. Шораҳмедова «Бобурнома»нинг урдуча таржималари қиёси бўйича PhD диссертациясини ҳимоя қилди.
Сўнгги йилларда Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Покистон университетлари ва илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, 2019 йил 29-30 март кунлари Университетга Покистон Ислом Республикасининг «Таржуман-е Афкар» муҳарририяти раҳбари Билол Ўғуз билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-Луғатайн» асарини урду тилига таржима қилиш учун ТДШУда фаолият олиб бораётган мутахассислар ва талабалар билан фикр алмашилди.
2019 йил 24 октябрда ТДШУда Покистон Ислом Республикаси элчихонасининг консули Тахир Азиз Чоудри ва ҳарбий атташе Аэзаз Аизад Амин билан учрашув бўлиб, унда ТДШУ ва Покистоннинг нуфузли олий таълим муассасалари ўртасида тегишли таълим йўналиши ва мутахассисликлари бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, ташриф доирасида ТДШУдаги Ўзбекистон-Покистон марказида урдушунос профессор-ўқитувчи ва талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. 2019 йил 23 декабрида ТДШУда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови жараёнларида иштирок этиш мақсадида Покистон Ислом Республикаси «Итҳат» газетаси муҳаррири Тахир Фаррухнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида университет раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтди.
Шунингдек, 2019 йил 24 декабрда ТДШУда Пешавар университетининг «Марказий Осиёни ўрганиш» маркази директори, профессор Шабир Аҳмад Хон, 2020 йил 13 октябрда ТДШУда Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига янги тайинланган консул Хуррам Али бошчилигидаги делегация, 2021 йил 12 январда ТДШУда Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Али Асад Гиллани ТДШУ ва Покистоннинг етакчи олий таълим муассасалари, жумладан, Панжоб университети ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда университет ва Покистон олий таълим муассасалари ўртасида урдушуносликни янада ривожлантиришга қаратилган таълим, илмий ҳамда маданий соҳалардаги ҳамкорликка оид масалалар, аниқ таклифлар муҳокама этилди. Айниқса, Покистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Али Асад Гилланинг ТДШУда «Покистон ташқи сиёсати» мавзусида туркум маърузалар ўқигани алоҳида эътиборга моликдир.
2021 йилнинг 24 октябрида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрган Покистон Ислом Республикасининг Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази ижрочи директори ва Хитой алоқа университети ҳузуридаги Покистон илмий-тадқиқот маркази раҳбари Халид Таймур Акрам, Панжоб университети ректори Муҳаммад Салим Мазҳар ҳамда Пешавор университети ҳузуридаги Марказий Осиё мамлакатларини ўрганиш маркази директори Шабир Аҳмад Хан ва Исломобод Бахрия университети факультети декани Адам Сауд ва бошқа покистонлик делегация вакилларнинг Университетга ташрифи икки томонлама фан ва таълим алоқаларининг янада ривожланишида туртки бўлди. Шу маънода, 2021 йилнинг 28 октябрь куни Панжоб университети ва Шарқшунослик университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
2022 йилнинг 1 март куни Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар доирасида «Ўзбекистон ва Покистон: ҳамкорлик алоқаларининг бугуни ва истиқболлари» илмий-маърифий тадбири ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университетида «Урду тили, адабиёти, Покистон тарихи ва маданияти» кафедрасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари К.Каримов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси раиси Р.Алимов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси А.Абдухалимов, Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихона маслаҳатчиси Ҳуррам Али, юртимизда кўзга кўринган урдушунос олимлар ва талаба ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққан университет ректори Гулчеҳра Рихсиева ва бошқалар Тошкент давлат шарқшунослик университетида «Урду тили, адабиёти, Покистон тарихи ва маданияти» кафедрасининг очилиши бугунги кунда илм-фан ва таълим соҳалари икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг муҳим йўналиши эканлигини таъкидладилар.
Илмий-маърифий тадбир давомида Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари тарихи, бугунги кундаги ҳамкорликнинг серқирра ривожланиб бориш жараёнлари, айниқса, таълим ва илм-фан доирасида эришилаётган натижалар, урду тили, адабиёти ва Покистон тарихини чуқур ўрганиш бўйича малакали мутахассисларни тайёрлашда лозим бўлган вазифалар хусусида фикр алмашилди.
Қаҳрамон ҲАҚБEРДИЕВ,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги
Шарқ мамлакатларининг ривожланишини таҳлил этиш илмий-таҳлил маркази директори