Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Покистон икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда
10:34 / 2022-02-23

Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан учрашди.

Суҳбат чоғида устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Тошкент шаҳрида "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Муаммолар ва имкониятлар" мавзусида олий даражадаги Халқаро конференцияси доирасида икки давлат етакчиларининг бўлиб ўтган учрашуви стратегик шерикликни ривожлантиришга янги туртки бергани таъкидланди.

Томонлар Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигининг сермазмун кун тартибини муҳокама қилиб, инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика ҳамкорлигини янада кучайтириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Ўзбекистон ва Покистон иқтисодий шериклик ўсиб бораётган кўрсаткичларининг фонида иккала мамлакат ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш, биргаликда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтириш ҳамда саноат кооперациясини чуқурлаштириш учун фойдаланилмаган салоҳиятга эга экани қайд этилди. Масалан, 2021 йилда пандемиянинг салбий оқибатларига қарамай, мамлакатлар ўзаро савдо ҳажмини 50 фоизга оширишга муваффақ бўлишди ва сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокида фаолият кўрсатадиган корхоналар сони деярли 6 бараварга ошди.

Томонлар фармацевтика тармоғида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича эришилган ютуқларни тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, томонлар енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича жадал иш олиб бораётгани қайд этилди. Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни келишиш ва Транзит савдоси тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини ҳаётга жорий этиш билан боғлиқ қўшма тадбирларни илгари суришга ўзаро тайёрлик билдирилди.

"Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешавор" транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳаси ва уни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ташаббус минтақанинг иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш ҳамда транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш учун муҳим аҳамиятга эга.

Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар жорий йилнинг февраль ойида Покистоннинг Панжоб провинцияси раҳбарининг Бухоро ва Наманган вилоятларига ташрифини юқори баҳолаб, саноат ва таълим соҳаларида эришилган келишувларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар. Термиз (Ўзбекистон) ва Пешавор (Покистон) шаҳарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Сурхондарё вилояти ва Покистон Ислом Республикасининг Хайбер-Пахтунхва провинцияси ўртасида икки томонлама алоқаларни ўрнатиш истиқболлари қайд этилди.

Учрашув якунида муҳокама қилинган йўналишлар доирасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.

ЎзА