Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг савдо, тўқимачилик саноати ва инвестиция масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдул-Раззоқ Довуд ўртасида видеоконференция шаклида музокара бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи ҳамда минтақавий аҳамиятга эга қўшма лойиҳалар амалга оширилиши муҳокама қилинди.
Ўзаро савдо ҳажмини янада оширишдан ҳар икки томон манфаатдорлиги билдирилди, шу муносабат билан имтиёзли савдо тўғрисидаги Битимни тасдиқлаш жараёнини тезлаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш тўғрисида келишувга эришилди.
Транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликнинг улкан истиқболи белгилаб олинди. Хусусан, “Мозори-Шариф - Кобул – Пешовар” йўналиши бўйича темир йўл қурилиши алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди, мазкур ташаббусни илгари суриш бўйича кейинги ҳаракатлар белгилаб олинди.
Мулоқот давомида икки мамлакат автоташувчиларининг Ўзбекистон ва Покистон ҳудудлари орқали ҳаракатланиши учун қулай шароитлар яратишга қаратилган битимларни биргаликда ишлаб чиқиш тўғрисида ҳам келишувга эришилди.
Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Покистон Ҳукуматлараро комиссияси, шунингдек, Ўзбекистон-Покистон Ишбилармонлар кенгашининг ҳамкорликка оид масалаларни биргаликда ҳал қилиш учун самарали майдон сифатидаги роли қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда 2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон-Покистон Ҳукуматлараро комиссияси ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар Транспорт вазирлиги, ИТСВ ва ТИВ раҳбарияти бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Покистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олдилар. Ушбу сафар давомида денгиз порти инфратузилмасини ўрганиш учун Карачи ва Гвадар шаҳарларига ташриф буюриш ва ўзбек юкларини ўтказиш учун улардан фойдаланишнинг ташкилий-техник масалаларини келишиб олиш режалаштирилмоқда.
Видеоконференция якунида ҳамкорликнинг белгиланган йўналишлари бўйича биргаликда иш олиб бориш доирасида кейинги режалар белгилаб олинди ҳамда Покистон Ислом Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси Абдул-Раззоқ Довуднинг 2021 йил январь ойида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ташриф доирасида Покистон бизнеси вакиллари ҳам маҳаллий тадбиркорлар билан шериклик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистонга келади.
ЎзА