Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги делегация Покистон Ислом Республикасининг Карачи ва Лаҳор шаҳарларида бўлди. Ташрифнинг илк куни Карачида NLC (National Logistics Cell) корхонаси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.
Соҳада етакчи ҳисобланган мазкур компания автомобиль, темир йўл ва денгиз транспорти орқали юкни самарали ва ишончли етказиб беришга ихтисослашган. Шунингдек, инновацион логистика марказлари ва замонавий порт инфратузилмасига эга бўлиб, минтақавий савдони ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Мулоқот давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Термиз – Карачи транспорт йўлагини очиш, жанубий шаҳримизда NLC логистика порти ташкил қилиш имконияти, алоқаларни чуқурлаштириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболи кўриб чиқилди.
Сафар доирасида республикамиз ССП раҳбари мезбон давлат Савдо-саноат палаталари федерацияси раҳбарияти ва аъзолари билан ҳам учрашди.

Томонлар мавжуд юқори салоҳиятга қарамай, ҳали юқори даражага етмаган муносабатларни янада фаоллаштириш зарурлигини тасдиқладилар.
Вакилимиз ўзаро институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қатор стратегик ташаббусларни илгари сурди. Икки мамлакат Савдо-саноат палаталари бошчилигида қўшма Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини тиклаш, тузилма таркибига тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноати, агросаноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, логистика соҳаларида фаолият юритувчи 15 нафардан тадбиркор жалб қилиш, шунингдек жорий йил февраль ойида Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон – Покистон бизнес форумини ўтказиш шулар жумласидан.

Суҳбат чоғида бизнес вакиллари ўртасида мунтазам мулоқот майдони яратиш савдо алоқаларини жадаллаштириш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш ва ўзаро савдо кўламини кенгайтириш имконини бериши таъкидланди.
Ўзбекистон делегацияси Покистонга ташрифи доирасида Лаҳор шаҳрида ўтказилаётган “Mega Leather Show-2025” халқаро кўргазмасида ҳам иштирок этиб, маҳаллий чарм-пойабзал саноати ютуқлари билан танишди. Чорва моллари терисига ишлов берадиган замонавий технологиялар кўздан кечирилиб, тайёр маҳсулотлар кенг ассортиментини баҳолаш имкони пайдо бўлди.

Асосий тадбирлардан яна бири – чарм саноатига ихтисослашган йирик компаниялар вакиллари иштирокидаги давра суҳбатида мутахассисларимиз юртимизнинг ушбу соҳадаги инвестиция салоҳияти ҳақида маълумот тақдим этди. Хусусан, ишлаб чиқариш учун етарли хом ашё, ривожланган қайта ишлаб чиқариш базаси мавжудлиги, бу эса Ўзбекистонни чарм-пойабзал саноатига йўналтириладиган сармоя учун жозибадорлигини ошириши таъкидланди. Шунингдек, талаб юқори бўлган тайёр чарм маҳсулотларига доир давлат томонидан тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида сўзлаб берилди.
Учрашув якунида Покистон компанияларининг диёримизга ташрифини уюштириш бўйича келишувга эришилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА