Давлат харидлари тизими ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва самарали сармояларни бошқаришда муҳим ўрин тутади. Самарали ҳамкорлик ва тажриба алмашиш давлат харидларини очиқ ва шаффоф қилиш, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ҳамда соҳада малакали кадрларни тайёрлаш имкониятларини кенгайтиради.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Покистон давлат харидлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳим аҳамият касб этади.
Куни кеча Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат харидлари сиёсати департаменти директори Сарвар Назаров ва Покистон Давлат харидларини мувофиқлаштириш органи раҳбари Ҳаснат Хуршед Қўреши ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашув асосан икки мамлакат ўртасидаги сўнгги келишувларнинг амалий ижросини муҳокама қилиш, давлат харидлари соҳасида ўзаро ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш ва тажриба алмашишга бағишланди.
Суҳбат давомида томонлар ҳар бир давлатнинг харидлар тизими, унинг ҳозирги ҳолати ва ривожлантириш режалари ҳақида фикр алмашди. Шунингдек, ҳамкорлик учун салоҳиятли йўналишлар таҳлил қилинди ва уларни ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Йиғилишда қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база, электрон платформалардан самарали фойдаланиш ҳамда соҳада малакали кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини мунтазам ошириш масалалари устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Шунингдек, илғор тажриба ва амалиётни алмашиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Ҳамкорликнинг дастлабки босқичида “Ишчи гуруҳ” ташкил этилиши ва унга белгиланган йўналишлар бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Учрашув якунида томонлар давлат харидлари соҳасида ҳамкорликни мунтазам равишда давом эттириш ва тажриба алмашишга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА