Ўзбекистон Аёллар ва қизлар уюшмаси раиси Насиба Мирадилова Бокуга ташрифи доирасида Озарбайжон Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат бирлашмаси раиси, мамлакатда хизмат кўрсатган журналист Шелале Гасанова билан учрашди.
Мулоқот чоғида 2024 йилнинг декабрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотлари форумида имзонланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми ижроси муҳокама қилиниб, шерикликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди. Икки мамлакатда хотин-қизларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ижтимоий ва медиа лойиҳаларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, илм-фан ва касбий таълим соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар имзоланган келишувларни амалга ошириш муҳимлигини, бунда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг алоҳида ўрни борлигини қайд этди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида Шелале Гасанова ва Насиба Мирадилова томонидан ННТ фаоллари билан Озарбайжон ва Ўзбекистон аёлларининг имкониятларини кенгайтириш бўйича қатор онлайн-маслаҳатлар ва мулоқотлар ташкил этилди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА