Озарбайжон билан ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни жадал ривожлантириш йили деб эълон қилинди. Изчил ва самарали алоқалар туфайли, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик нафақат сезиларли даражада мустаҳкамланди, балки янги ўзаро ҳамкорлик соҳалари билан бойиди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Милана Базарова мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатлар, ўзаро яқинлашувнинг умумий хусусиятлари ва янги йўналишлардаги ҳамкорлик борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Бу борада 2017 йилни икки мамлакат етакчиларининг мулоқотини фаоллаштиришнинг бошланғич нуқтаси деб аташ мумкин. Давлатлар раҳбарлари ўз навбатида, ўзаро ҳамкорликнинг барча даражалари учун аниқ йўналишларни белгилаб олдилар. Бунинг самарасида, сўнгги беш йил ичида вазирлик ва идоралар, парламентлар ва бошқа йирик ижтимоий бирлашмалар даражаларидаги делегациялар алмашинуви 60 дан ошди.
Бугунги кунда 169 та битимни ўз ичига олган икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий база Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик динамикасини яққол намойиш этади. Бунда Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларация асосий ҳужжат бўлди.
Минтақалараро форум ишининг йўлга қўйилиши ушбу ҳужжат амалга оширилишининг амалий натижаларидан бири бўлди. Мазкур форум биринчи марта 2023 йилда бўлиб ўтди ва умумий ҳажми 500 млн. долларлик қўшма инвестиция жамғармасининг ташкил этилиши билан тарихда қолди. Иккинчи форум якунлари бўйича икки мамлакатнинг йирик шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро англашув ва ҳамкорлик Меморандуми имзоланди ҳамда қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати йўналишларида инвестиция битимлари тузилди.
Шубҳасиз, Ўзбекистон ва Озарбайжон бир-бирларига иқтисодий истиқболли шерик сифатида қарамоқда. Йирик ва кичик бизнес алоқаларини кенгайтириш бўйича икки томонлама талабнинг ошиб бораётгани ҳам буни тасдиқлайди. Ўзаро манфаат кўламини билиш учун икки томонлама товар айирбошлаш динамикасига назар ташлашнинг ўзи кифоя. Сўнгги 5 йилда у уч баробар ўсиб, 2023 йил якунида 232 млн. долларга етди. 2024 йил бошида эса, яна 15 фоизга ошди. Бу кўрсатгични 1 млрд. долларга етказиш вазифаси қўйилган.
Сармоявий ҳамкорлик бўйича ҳам ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони беш баравар ошди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида 240 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда. Улар молия, IT-хизматлар, чакана ва улгуржи савдо, овқатланиш, меҳмонхона бизнеси ва таълим каби соҳаларда фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, Озарбайжон бозорида ўзбек компаниялари иштироки ҳам кенгаймоқда. Бугунги кунда уларнинг сони 70 тани ташкил этади. Қўшма тажриба асосида Озарбайжонда автомобиль, тўқимачилик ва ипак қурти кластерлари, Ўзбекистонда гипс-картон ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар ишга туширилди.
Мамлакатларимиз иқтисодиётнинг турли секторларида кенг кўламли ҳамкорлик қилиш бўйича янги кун тартибни ишлаб чиқмоқда. Бундай ҳамкорлик глобал беқарорлик ва зарур маҳсулотларни етказиб бериш занжирлари узилиши шароитида янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Иккинчидан, бу эркин иқтисодиёт зоналари имкониятларидан фойдаланган ҳолда, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника, машинасозлик, кимё ва заргарлик соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдир. Гожигобул шаҳрида енгил автомобиллар ишлаб чиқаришнинг муваффақиятли йўлга қўйилгани бунга мисол бўлади. Ўзбек компаниялари Озарбайжон ҳудудида юк машиналари, автобуслар ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Икки давлатнинг ўз ички ривожланиш стратегияларига ёндашувларининг умумийлиги ва улкан ишлаб чиқариш, технологик, кадрлар ва табиий ресурсларнинг мавжудлиги Ўзбекистон ва Озарбайжон олдига бундан кейин ҳам биргаликда турли масалан, электр техника йўналишида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини очади. Бугун Озарбайжонда йилига 50 минг тонна миқдорида алюминий ишлаб чиқарилади ва бу асосан, хомашё сифатида экспорт қилинади. Биргаликда мувофиқлаштириш билан у электр техника буюмларини ишлаб чиқариш жумладан, учинчи мамлакатларга экспорт қилиш учун хомашё сифатида қўлланиши мумкин.
Икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида рақобатбардош маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ва Озарбайжонни ички ривожлантириш мақсадларига мос келади.
Ўзбекистонда келгуси етти йилда экспорт таркибида тайёр маҳсулот улушини 3,3 баравар ошириш мақсади қўйилган. Озарбайжон экспорти таркибида нефть маҳсулотлари катта ҳиссага эга бўлиб, Боку учун иқтисодиётнинг нефть бўлмаган тармоғини ривожлантириш ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Шу боис, икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил қилиш юқоридаги мақсадларга эришишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, икки томонлама иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадларига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ва Озарбайжон қўшма тижорат онлайн-платформасини яратиш тўғрисидаги келишувга эришилди. Ушбу механизм ҳар икки томон тадбиркорларига зарур шерикларни топиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча воситадир.
Энергетика секторида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор вазифалари қаторига киради. 2022 йилда Тошкент ва Боку энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «Йўл харитаси»ни қабул қилди. Ҳужжат 30 та йўналишни ўз ичига олади. Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш, Озарбайжоннинг озод қилинган ҳудудларида ҳамкорлик қилиш, ўзбек компанияларининг қайта тикланувчи энергия соҳаси бўйича лойиҳаларда иштирок этиш шулар жумласидандир.
Шунингдек, "Ўзбекнефтгаз" АЖ Озарбайжон ва Ўзбекистондаги нефть конларини ўзлаштириш ва нефть-газ секторидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича "SOCAR" компанияси билан ҳамкорлик қилади. Компаниялар Озарбайжондаги учта углеводород конини биргаликда ўзлаштиришга киришмоқчи. "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг Каспий денгизининг Озарбайжон шельфидаги «Шаҳ-Дениз» газ конденсати лойиҳасига қўшилиш жараёни якуний босқичда турипти.
Шунингдек, Ўзбекистон Озарбайжон ва Қозоғистон билан ҳамкорликда «яшил энергия» соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги Битим лойиҳасини келишиб олди. Ҳужжатга кўра, Озарбайжонни Марказий Осиё ва Европа билан бирлаштирувчи энергетика йўлагини яратиш кўзда тутилган. Унинг доирасида Ўзбекистон 2030 йилгача Озарбайжон ҳудуди орқали Европа мамлакатларига 5 ГВт.гача яшил энергияни экспорт қилишга тайёр.
Жаҳон бозорларига энергия ресурсларини етказиб бериш учун транспорт йўлаклари ва йўналишларини диверсификация қилиш зарурати Озарбайжоннинг Марказий Осиё ва Европа билан бирлаштирувчи ролини кучайтиради ҳамда энергетика йўлаклари салоҳиятидан биргаликда фойдаланиш имкониятини долзарблаштиради.
Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар йўналишида Озарбайжон ва Ўзбекистон компаниялари Ўзбекистон ҳудудида қуёш электр станцияларини қуриш ва муҳим «тоза» компонентларни ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишда зарур салоҳиятга эга. Бу истиқболда икки давлатнинг экспорт имкониятларини ошириш имконини беради. Бу эса, қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш глобал шароитида жуда долзарбдир.
Бу борадаги қўшма тажриба муваффақиятли синовдан ўтган тақдирда, кейинчалик Марказий Осиё шароитида қўлланилиши мумкин. Чунки минтақамиз нафақат тоза энергия бўйича улкан салоҳиятга эга. Шунингдек, «яшил кун тартиби»ни фаол қўллаб-қувватлаётган мамлакатларда талаб тобора ошиб бораётган ноёб ер металларининг катта захирасига ҳам эга.
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг транспорт-логистика йўлакларининг кенг тизимини шакллантириш масаласидаги қарашлари ҳам бир хил. Мамлакатларимиз бу вазифага ўз иқтисодиётларини ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида қарамоқда. Шуни ҳисобга олиб, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик кун тартибида тобора устувор ўрин эгалламоқда.
Ўзбекистон Озарбайжон инфратузилмаси орқали ташувларни фаол оширмоқда. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг прогнозларига кўра, жорий йилда бу йўналиш орқали 1 миллион тонна юк олиб ўтилади. Бунда «Боку – Тбилиси – Карс» темир йўл имкониятларидан жадал фойдаланилмоқда. Ушбу транспорт магистралини тез орада комплекс модернизация қилиш ва унинг ўтказувчанлик қобилиятини йилига 5 миллион тоннагача оширишни ҳисобга олган ҳолда, у орқали етказиб беришни кўпайтириш режалаштирилган.
Боку халқаро денгиз савдо порти орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ҳам истиқболли кўринади. Ўзбекистон Боку порти ҳудудида омбор инфратузилмаси ва алоҳида терминал қуриш ниятида. Шунингдек, Озарбайжон билан кемасозлик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Осиёдан Европага энг қисқа қуруқлик йўлини таъминлаш мақсадларига эришиш бўйича Ўзбекистон ва Озарбайжон ўз транзит салоҳиятидан ўзаро фойдаланишни мақсад қилган. Тошкент ўз логистика имкониятларини кенгайтирар экан, Озарбайжон инфратузилмаси орқали порт юк ташувларини оширишга интилмоқда. Ўз навбатида, Боку Озарбайжонни Хитой ва Жанубий Осиё минтақалари билан бирлаштирувчи «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлини Каспий денгизигача узайтиришдан манфаатдор.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари кўп қирралиги, барқарор ўсиш суръатлари билан хусусиятланади, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва ҳар икки халқ учун манфаатли бўлган соҳаларда ҳамкорлик қилишга асосланади.
Биз давлатларимиз раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг икки томонлама муносабатларни барпо этаётганини, бунинг самарасида, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик кенг имкониятларга эга чинакам стратегик шерикликка кўтарилаётганини кузатаяпмиз.
Ҳамкорликнинг бундай мустаҳкамланиши нафақат икки томонлама мулоқотни ривожлантиришнинг қимматбаҳо активи, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, иқтисодий, инвестициявий, транспорт ҳамкорликни ривожлантириш учун улар доирасида қулай замин яратишнинг муҳим омилидир. Бу шароитларни таъминлаш, пировардида, бутун кенг макро-минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун ишончли омил бўлиб хизмат қилади.
Бу шароитда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлигини икки томонлама ва минтақавий миқёсда мустаҳкамланиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун қўшимча туртки бўлади. Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатади.
ЎзА