Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Озарбайжон олимларининг монографияси нашр этилди
09:24 / 2023-03-12

«Ўзбекистон-Озарбайжон» Дўстлик жамияти ижрочи директори, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори Эркин Нуриддинов ва озарбайжонлик ёш олим, тарих фанлари номзоди Азер Адигезаловнинг “Узбекистан – Азербайджан: исторический аспект культурно-духовного взаимосотрудничества братских народов” (Ўзбекистон-Озарбайжон: қардош халқлар ўртасидаги маданий-маънавий ҳамкорликнинг тарихий жиҳати) мавзусидаги монографияси “Ренессанс Пресс”  нашриётида рус тилида нашр этилди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази лойиҳаси асосида чоп этилган монографиядан икки қардош халқнинг қадим даврдан то бугунги кунга қадар кечган маданий-маънавий ҳамкорлигига, давлатлар аро муносабатга оид аниқ фактлар, расмий ҳужжатлар, архив материалларига оид тарихий маълумотлар жой олган.

Нашрда қайд этилишича, эрамиздан аввалги II-I асрлардаги Хитой ва Ҳиндистондан бошланган энг гавжум савдо йўли Ўрта Осиё орқали ўтиб, Каспий денгизига етиб борган, оловлар юрти – Озарбайжон орқали Европага чўзилган. Бу йўл Страбон томонидан “Буюк Ипак йўли” деб номланган. Қўланмада Буюк Ипак йўлининг уч асосий карвон йўлидан бири Марказий Осиёнинг Фарғона водийси ҳамда Кавказдаги қадимги Озарбайжон – Атропатена давлати ерлари орқали ўтгани ифодаланган.

Муаллифлар собиқ совет даври ва мустақилликдан кейинги даврга назар солиниб, йирик сиёсий арбоб, Озарбайжон халқи миллий етакчиси Ҳайдар Алиев қардош давлатлар, хусусан, Ўзбекистон билан муносабатга, хусусан, 1993 йил қайта ҳокимият тепасига келгач, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни тиклашга алоҳида аҳамият берганига урғу берилган.

Тўпламда жамоат ташкилотлари маданий алоқа ривожида муҳим ўрин тутгани таъкидланиб, Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази томонидан юртимизда амалга оширилган кўплаб лойиҳалар, жумладан, Озарбайжон маданияти ва адабиёти ҳафталиги, кино, мусиқа ва ошхона кунлари, конференция ва учрашувлар, дўстлик концертлари ташкил этилгани, меморандумлар имзолангани ҳамкорлик йўлида янги имкониятлар очиши қайд қилинган.

Китобнинг биринчи бобида антик ва ўрта асрлардаги ҳамкорликка қисқача “саёҳат” уюштирилиб, иккинчи бобда ХIХ-ХХ асрларга оид муносабат, Туркистон ва Озарбайжондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга бағишланган, таълим, фан, адабиёт, маданият соҳалари бўйича шерикликни ривожлантиришда театрнинг ўрни, жипслашув ва сиёсий бирлик ғояларини ривожлантириш каби масалалар акс этган.

Илмий-тадқиқот ишининг учинчи бобида икки халқ ўртасида бир хил давлатчилик тизимида намоён бўлган маданий-маънавий ҳамкорлик ҳолати таҳлил қилинган. Тўртинчи бобда янги геосиёсий вазият, мустақил давлатларимиз ўртасида ўзаро муносабатнинг шаклланиши, ташқи сиёсат, икки суверен мамлакат ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосини яратилиши ҳақида сўз борган.

Муаллифлар бешинчи бобда маданий ва маънавий ҳамкорликнинг асосий йўналишларига, муносабатларни ривожлантиришда давлат ва жамоат ташкилотлари ролига алоҳида эътибор қаратиб, маданият соҳаси давлатлар аро муносабатни ривожлантиришда катта куч экани таъкидланган.

Марказ ташаббуси билан республикамиздаги етакчи университетлар, маданият муассасаларида Озарбайжон марказлари ташкил этилиши, эгизак шаҳарлар лойиҳаси амалга оширилиши, Озарбайжон тарихи, маданияти, адабиётига оид юзлаб таржима асарлари нашр этилиши, кўплаб илмий лойиҳалар йўлга қўйилиши, Озарбайжон ва Ўзбекистонда ўнлаб медиа турлар уюштирилиши, Ўзбекистон матбуотида кўплаб мақолалар эълон қилиниши, телекўрсатувлар тайёрланиши ва эфирга узатилиши маданий алоқаларимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшаётганидан далолат.

Қайд этиш жоиз, Низомий номидаги ТДПУ Илмий кенгаши қарори билан нашрга тавсия этилган мазкур монография халқаро муносабат ва ташқи сиёсатнинг таркибий қисми сифатидаги маданий алоқаларга қизиққан кенг китобхонлар, шунингдек, олий ўқув юртлари тегишли факультетлари мутахассислари, ўқитувчи, магистрант ва бакалаврлар учун мўлжалланган.

Озарбайжон Маданият маркази тарихий дўстлик, халқларимиз ўртасидаги алоқалар, мустақил давлатларимиз ҳамкорлигининг юксак даражасига оид илмий мақолалар, нашрлар тайёрлашга бундан кейин ҳам жиддий аҳамият беражаги урғуланди. Бундай манбалар келажакда Озарбайжон-Ўзбекистон муносабати, мавжуд ҳамкорлик юзасидан тадқиқот олиб бораётган мутахассислар учун фойдали бўлиши, монография тақдимоти жорий йил давомида ҳар икки давлатда ўтказилиши билдирилди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА