Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Абдусамад Ҳайдаров ЎзА шарҳловчиси билан суҳбатда Озарбайжон Республикаси Президети Илҳом Алиевнинг 21-22 июнь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифига муносабат билдирди.
- Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқаролари дини ягона, тили, урф-одати, қадриятлари бир-бирига яқин икки миллат вакилларидир.
Элимизда дўст оғир кунда билинади, деган ҳикматли нақл бор. Шу маънода бу икки халқ орасида боғланган ришта анчайин мустаҳкам, тарихий илдизга эга. Ўтган асрнинг 30-йиллари қатағонга учраган озарийларни заминимиз бағрига олди. 1966 йилда содир этилган Тошкент зилзиласидан кейин пойтахтни тиклашда қардошларимизнинг ҳиссаси катта бўлди.
Бугун ҳам 40 мингдан зиёд озар миллати мансуб юртдошларимиз Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий тараққиётига, жамиятимиз ривожига муносиб улуш қўшмоқда.
Президент Илҳом Алиевнинг мамлакатимизга ташрифи мустақил Озарбайжоннинг асосчиси сифатида тан олинган атоқли сиёсатчи, давлат арбоби Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўчанинг очилиш маросимидан бошлангани чуқур рамзий маънога эга. Зеро, Ҳайдар Алиев Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарлари Шароф Рашидов ва Ислом Каримов билан самимий, дўстона муносабатда эди. Илҳом Алиев ҳам қардош давлатлар билан алоқани юксалтириш йўлидан бормоқда.
Куни кеча бўлиб ўтган олий даражадаги музокара чоғида давлат етакчилари икки томонлама манфаатли ҳамкорлик юксак даражага чиққани, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик риштаси, ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётганини беҳад мамнунлик билан қайд этдилар. Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклигини янада кенгайтириш, муносабатни янги амалий мазмун билан бойитишга интилиш қатъий эканини тасдиқладилар.
Мулоқот якунида кўплаб муҳим ҳужжатлар имзоланди. Шу ўринда транспорт соҳасида эришилган аҳдномаларга алоҳида тўхталиш жоиз.
Хорижий таҳлилчилар мудом эътироф этиб келаётганидек, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг дарвозаси, минтақада нуфузи баланд, жойлашувига кўра, геосиёсий нуқтаи назардан жуда қулай мамлакат.
Озарбайжон ҳам Жанубий Кавказдаги йирик давлат, логистика жиҳатидан муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда Ўзбекистон Узоқ Шарққа йўл очувчи, Озарбайжон эса Европага олиб чиқувчи йўлакнинг бошини макон этган, дейиш ҳам ўринли.
Бошқача айтганда, минтақалараро алоқани ривожлантиришда икки давлат етакчилиги Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида, қолаверса, минтақаларнинг бошқа давлатлари учун ҳам кўприк вазифасини бемалол ўтайди.
Демак, Президентлар транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга урғу бергани, транспорт йўлакларини кенгайтириш, юк ташиш тарифларини мақбуллаштириш муҳимлигини таъкидлагани бежиз эмас.
Хусусан, “Боку – Тбилиси – Қарс” темир йўлидан фойдаланиш яқин келажакда ўзаро мақбул равишда юк ташиш ва транспорт салоҳиятини оширишда жиддий бурилиш ясаши тайин.
Транскаспий темир йўл тармоғи доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Европа ва Осиё қитъасининг бошқа давлатларини боғлашда стратегик вазифани бажариши мумкин.
Ўзбекистон Туркманистоннинг Каспий бўйидаги Туркманбоши портидан фойдаланиш бўйича келишувга эга. Эндиги мақсад Боку портига чиқиш. Шундан сўнг “Боку – Тбилиси – Қарс” темир йўли билан Туркия орқали Европа бозорига юк ташилади. Поездлар нариги томондан ҳам қуруқ қайтмайди, албатта.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, транспорт-коммуникация соҳасини, саноат ва транзит кооперациясини ривожлантириш ҳар доим долзарб бўлган. Шу маънода Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки ва кўп томонлама муносабатда янги саҳифа очди.
Аброр Ғуломов ёзиб олди.
ЎзА