Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизмати ва ижтимоий инновациялар бўйича давлат агентлиги раиси Улви Меҳдиев билан учрашди. Учрашувда меҳмонлар Ўзбекистонда давлат хизматлари соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирилди.
Ҳозирги вақтда туман ва шаҳарларда 208 давлат хизматлари марказлари ташкил этилгани, замонавий марказларда аҳолига 309 турдаги хизмат кўрсатилаётгани, 2023 йил охиригача давлат хизматлари турларини 350 тага етказиш режалаштирилгани айтиб ўтилди.
У.Меҳдиев Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизмати ва ижтимоий инновациялар бўйича давлат агентлиги фаолияти ҳақида маълумот берди. Хусусан, ушбу ташкилот ўз фаолиятини давлат хизматлари, рақамлаштириш, инновациялар ва ижтимоий лойиҳалар каби тўртта йўналишда амалга оширади. “Аsan-xidmet” марказларида давлат органлари, хусусий ташкилотлар, коммунал хизматларнинг 320 дан ортиқ хизмати мавжудлиги айтиб ўтилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштиришга келишиб олди.
Меҳмонлар учун вазирлик бўйлаб экскурсия уюштирилди. Улар адлия органлари музейида бўлди ва ҳуқуқий мавзуда медиа материаллар яратиш жараёни билан яқиндан танишди.
Н.Абдураимова, ЎзА