Ўзбекистон ва Озарбайжон чегара хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Жорий йилнинг 28 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинлари ва Озарбайжон Республикаси Давлат Чегара хизмати раҳбарларининг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Дўстона муҳитда ўтган учрашувда томонлар давлат чегараларидаги вазият юзасидан фикр алмашиб, ўзаро ишонч, ҳурмат ва амалий мулоқот тамойилларига асосланган идоралараро ҳамкорликнинг йўналишлари ва истиқболларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида давлат чегарасини қўриқлаш, чегара назорати, ахборот технологиялари ва моддий-техник таъминот масалалари бўйича тажриба алмашишга келишиб олинди.
Томонлар икки давлат раҳбарлари томонидан белгиланган йўналиш асосида қардош халқлар ўртасидаги азалий дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қатъий содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
ЎзА