French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлиги кенгаймоқда
09:52 / 2022-05-23

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Осиё тараққиёт банки вице-президенти Ашок Лаваса билан учрашди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва ОТБ ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва алоқаларни кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.

ОТБ раҳбарияти сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида хусусий сектор ролини мустаҳкамлаш учун кенг имконият яратилганини эътироф этди. Шу муносабат билан хусусий сектор лойиҳаларини, айниқса, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун Банк ресурсларини янада кўпроқ жалб қилиш масаласига эътибор қаратилди.

Томонлар инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий соҳаларда давлат-хусусий шериклик механизмидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган қўшма лойиҳаларни кўриб чиқдилар. Жаноб Лаваса Банк ДХШ йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Айни механизмдан фойдаланган ҳолда Тошкент шаҳри ва вилоятидаги мактаблар, турли бошқа муассасаларни модернизация қилиш, Андижон ва Бухорода кўп тармоқли шифохона қуриш кун тартибига киритилди.

Тадбир давомида транспорт, электр энергияси ва соғлиқни сақлаш соҳаларида янги лойиҳалар амалга ошириш учун ДХШ механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этишга ОТБ мутахассисларини жалб қилиш, Ўзбекистонда тижорат банкларига тақдим этилаётган кредит ҳажмини ошириш чора-тадбирлари келишиб олинди.

Шунингдек, алоҳида лойиҳа ва ташаббуслар билан боғлиқ масалалар, жумладан, мамлакатимиз ҳудудларидаги бошланғич мактабларни модернизация қилиш ва жиҳозлаш дастури, “Ўрта таълимда STEM (фан, технологиялар, муҳандислик ва математика) методологиясини жорий этиш” лойиҳаси, “We-Fi” тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури кўриб чиқилди.

Учрашув якунида А.Лаваса ОТБ Президентининг Банк Президенти, вице-президентлари ва ОТБ Директорлар Кенгаши аъзолари иш ҳақи даражасини белгиловчи мукофотлаш бўйича қўмита раиси лавозимига Ўзбекистондан номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарорини маълум қилди. Илгари бу лавозимда анъанавий равишда G20 мамлакати вакиллари ишлаб келган.

ЎзА