Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон султонлиги ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 4-йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди. Учрашувга Ўзбекистон томонидан инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев, Ўмон томонидан эса ташқи ишлар вазири ўринбосари Шайх Халифа бин Али Ал-Харисий ҳамраислик қилди.
Икки мамлакат тегишли вазирлик, идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этган тадбир кун тартибига инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-технологик ҳамкорлик, шунингдек, туризм, транспорт, инсон ресурслари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаларида икки томонлама муносабатни янада чуқурлаштириш масалалари киритилди.
Муҳокама чоғида йиғилиш иштирокчилари кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг ўсиш нуқталарини аниқлаб, истиқболли йўналишларда янги қўшма лойиҳа, дастур ва ташаббусларни илгари суриш механизмини келишиб олишди.
Нефть ва газ, кимё, энергетика ва электротехника саноати, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, туризм ва бошқа соҳаларда инвестициявий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва ўзаро савдони ривожлантириш учун кенг имконият мавжудлиги қайд этилди. Савдо айланмаси миқдорини ошириш имкониятини биргаликда ўрганиш, мавжуд савдо тўсиқларини бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.
Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида яқин алоқа ўрнатиш ва тадбиркорларни қўшма лойиҳалар амалга оширишга жалб қилиш бўйича ишлашга ўзаро тайёрлик билдирилди. Тадбиркорлар шериклигининг устувор йўналишларини кўриб чиқиш ва янги бизнес ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишни амалий қўллаб-қувватлаш механизмини ишлаб чиқиш режалаштирилди.
Умумий қиймати қарийб 200 миллион долларга тенг инвестиция лойиҳаларини амалга оширган “UzOman Capital” ўзбек-ўмон инвестиция компанияси фаолияти эътироф этилди. Томонлар ўмонлик ва бошқа хорижий инвесторлар сармоясини жалб этиш мақсадида яратилган мазкур самарали қўшма платформадан фаол фойдаланишга келишиб олдилар.
Шунингдек мулоқот давомида транспорт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, туризмга инвестиция жалб қилиш, туристик алмашинув дастурларини биргаликда йўлга қўйиш масалалари ҳам келишилди. Бундан ташқари, йўловчи ва юк оқимини тезлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш, маданий алмашинувни кенгайтиришга қаратилган икки томонлама тадбирлар ўтказиш имконияти кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида кўриб чиқилган ҳар бир соҳада келгусида ҳамкорлик бўйича келишувларни акс эттирувчи баённома имзоланди.
Г.Сатторова, ЎзА