Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида юртимизда бўлиб турган Нигерия Федерацияси вакиллар палатаси раиси ўринбосари Бенжамен Калу бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда меҳмонларга Ўзбекистонда тоғ-кон саноати ва геология йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда соҳага оид норматив-ҳуқуқий базадаги сўнгги янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Мулоқот давомида томонлар геология ва минерал ресурслардан самарали фойдаланиш, соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга жорий этиш, шунингдек, икки давлат ўртасида манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Вазирлик раҳбарияти меҳмонлар билан бўлиб ўтган танишув ва очиқ мулоқотдан мамнунлигини изҳор этар экан, бундай учрашувлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўз навбатида, Нигерия делегацияси ҳам Ўзбекистонга ташриф буюришдан катта мамнуният ҳис қилганини билдириб, халқаро даражадаги тадбирнинг юксак савияда ташкил этилганини юксак баҳолади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА