Муносабат
Ҳозирги глобаллашув шароитида мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ва иқтисодий интеграция жараёнлари халқаро муносабатлар тизимининг асосий омилларидан бирига айланди.
Марказий Осиё минтақасида жойлашган Ўзбекистон ва Шимолий-Шарқий Осиёда мавқейи мустаҳкам бўлган Мўғулистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ана шу жараённинг яққол мисолидир.
Тарихий жиҳатдан қаралганда, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги алоқалар жуда қадимий илдизларга эга. Буюк Ипак йўлининг олтин даврида бу икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий алмашинув фаол олиб борилган. 1991 йил Ўзбекистон мустақилликка эришгач, XX аср охири ва XXI аср бошларида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги босқичга кирди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва Янги Ўзбекистон стратегияси доирасида ташқи сиёсат йўналишларининг диверсификация қилиниши, Мўғулистоннинг эса иқтисодий ривожланиш сари олиб бораётган изчил сиёсати икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга кучли туртки бўлди. Географик жиҳатдан узоқда жойлашганига қарамай, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, маданий ва сиёсий алоқалар соҳаси кенг.
Ўзбекистоннинг минерал ресурслари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва саноат салоҳияти Мўғулистоннинг тоғ-кон саноати, чорвачилик ва туризм потенциали билан ўзаро тўлдирувчи хусусиятга эга. Бу эса икки мамлакат ўртасида узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорлик aлoқаларини ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
2016-2025 йиллар оралиғида Ўзбекистон – Мўғулистон муносабатлари анча фаоллашди ва янги мазмун касб этди. Бу давр ичида юқори даражадаги ўзаро ташрифлар, икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши, савдо-иқтисодий алоқаларнинг кучайиши ва маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг фаоллашиши кузатилди. Айниқса, “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббуси доирасидаги лойиҳалар ва минтақавий интеграция жараёнлари Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик қатор йўналишда янада акс этувчан ва самарали бўляпти.
Сиёсий ҳамкорлик
2024 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух давлат ташрифи билан юртимизга келди. Бу ташриф икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг 1992 йилдан буён илк олий даражадаги учрашуви бўлиб, томонлар 14 дан ортиқ қўшма ҳужжатларни имзолади. Шунингдек, Тошкентда Мўғулистон элчихонаси очилди, учрашувлар чоғида икки мамлакат раҳбарлари элчихона очилиши икки мамлакат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш учун муҳим эканлигини эътироф этди.
Икки мамлакат парламентлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида махсус гуруҳлар тузилган ва ташқи ишлар вазирликлари даражасида ҳам мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда.
Иқтисодий алоқалар
Мўғулистон Ўзбекистонга истиқболли иқтисодий ҳамкор сифатида қарайди. Икки томон ўзаро савдони ривожлантириш мақсадида 2023 йил март ойида Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия тузиш тўғрисида битим имзолади ва 2024-2026 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури қабул қилинди.
Кейинги 5 йил ичида ташқи савдо ҳажми 2019 йилдаги 1,9 миллион доллардан 2023 йилда 13,8 миллион долларгача, яъни 7 баравар ошди. Мўғулистон қайта ишланган қўй ва қўзи терилари, қўй ва эчки маҳсулотлари экспорт қилган. Ўзбекистондан узум, мевалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, совутгич ва музлатгич каби электр жиҳозлари ва юк машиналарини импорт қилди.
2024 йилда Президент Ухнаагийн Хурэлсухнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида Мўғулистондан Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари бозорига мамлакатимиз орқали жун, кашмир, тери, гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, Ўзбекистондан Мўғулистонга мева-резавор ва сабзавот маҳсулотлари импортини янада ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик келишув – автомобиль транспорти ва ҳаво алоқалари бўйича давлатлараро келишувлар икки томон орасида тўғридан-тўғри рейсларни очиш, юк ва йўловчи ташишни кенгайтириш имконини беряпти.
Ташриф якунлари бўйича Мўғулистон озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазири Ўзбекистонда бўлиб ўтган Озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича юқори даражадаги халқаро форумда иштирок этиш чоғида Мўғулистондан Ўзбекистонга 100 минг тирик ҳайвонни экспорт қилиш тўғрисидаги Битимни тасдиқлаган.
Бундан ташқари, Мўғулистон Қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида ветеринария соҳасидаги кенг қамровли ҳамкорлик тўғрисида алоҳида протокол имзоланди.
Маданий-гуманитар алоқалар
Маданият ва таълим соҳаларида ҳам ҳамкорлик кенгаймоқда. Ёшлар алмашинуви ва олий таълим дастурлари доирасида бир қанча қадамлар ташланди. Масалан, кўплаб мўғулистонлик талабалар Ўзбекистон олийгоҳларида таҳсил олмоқда ва томонлар ўзаро таълим грантлари асосида талабалар юборишни кенгайтиришни кўзда тутмоқда.
2024 йил январь ойида Мўғулистон ҳукумати мамлакатнинг сайёҳлик ва сармоявий имкониятларини тарғиб қилишга қаратилган Go Mongolia миллий бренди кампаниясини ишга туширди.
Туризм соҳасида ҳам алоқа мустаҳкамланмоқда, икки давлат туризм қўмиталари орасида ҳамкорлик битими тузилди ва икки давлат фуқаролари учун виза мажбурияти олиб ташланди, бу эса ўз навбатида сайёҳлик имкониятларини биргаликда ривожлантириш имконини беради.
Шунингдек, қўшма маданий тадбирлар ҳам кенгаймоқда. Мисол учун, икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан “Мўғулистон – Ўзбекистон маданият кунлари” ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали икки мамлакат маданий меросини тарғиб қилишда ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида Мўғулистон миллий ахборот агентлиги (MОНТСАМЭ) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ҳамкорлик тўғрисида ҳужжат имзолади.
Маҳаллий ҳокимият органлари даражасида ҳам алоқалар йўлга қўйилган. Хусусан, икки давлатнинг пойтахтлари – Тошкент ва Улан-Батор шаҳарлари раҳбариятлари ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик доирасида муҳим ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон ва Мўғулистон биргаликда минтақавий интеграция жараёнларида ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилмоқда. Иқлим ўзгариши ва чўлланишга қарши курашиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларга кўмаклашиш мақсадида томонлар Мўғулистоннинг “Бир миллиард дарахт” миллий кампанияси ва Ўзбекистоннинг “Яшил макон” лойиҳасини мақбуллаштириш орқали ўрмон хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик ўзаро манфаатлилик ва истиқболли шерикчилик асосида шаклланмоқда. Икки қардош халқ ўртасидаги тарихий алоқалар буюк Ипак йўли анъаналарига таянган ҳолда замонавий геосиёсий ва иқтисодий муносабатлар, маданий алоқалар келажакда шерикчиликнинг янада мустаҳкамланишига замин яратмоқда.
Шуҳрат ҲОЖИМУРОДОВ,
Барқарор ривожланиш маркази эксперти
ЎзА