Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Мўғулистон тоғ-кон саноати соҳасида ҳамкорлик қилмоқда
11:53 / 2025-06-19

Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги иқтисодий ва технологиявий ҳамкорлик сўнгги йилларда кенг қулоч ёймоқда. Жумладан, геология-қидирув ва тоғ-кон саноати соҳаларидаги шериклик икки давлат учун муҳим стратегик йўналишга айланяпти. Табиий ресурсларга бой бўлган Мўғулистонда Ўзбекистоннинг илғор технологиялари ва кўп йиллик амалий тажрибаси юксак баҳоланмоқда.

Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов Мўғулистоннинг “Steppe Kuper” компанияси вице-президенти Бадарч Энхбат ҳамда компания раҳбари маслаҳатчиси Очир Очиржав билан ўтказган учрашувда томонлар ўртасидаги бу каби ҳамкорлик ўзининг амалий ифодасини топди.  

– Мўғулистон улкан минерал захираларга эга мамлакат. Биз ушбу салоҳиятни самарали ўзлаштиришда тажриба ва технологик имкониятларимизни ўртоқлашишга тайёрмиз. Геология-қидирув, уран, олтин, мис каби ресурсларни ўзлаштириш, қайта тикланувчи энергетика ва металлургия йўналишларида ҳамкорлик қилишга алоҳида қизиқиш бор, – деди Урал Юсупов суҳбат чоғида.  

Учрашувда “Uzbek Overseas Geology Company” МЧЖнинг Мўғулистондаги ваколатхонаси фаолияти, келгусидаги режалар ва икки томонлама амалий ҳамкорликнинг кенг имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Компания 5-13 июнь кунлари Мўғулистонда бўлиб, Улан-Батор шаҳрида ўз ваколатхонасини очиш жараёнларини амалга оширди. Бу ваколатхона Мўғулистонда амалга ошириладиган геология-қидирув лойиҳаларида Ўзбекистоннинг фаол иштирокини таъминлайди.  

Меҳмон томон ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболларига ижобий баҳо берди.  

– Биз Ўзбекистон билан геология ва металлургия соҳаларида, хусусан, мис, уран ва бошқа стратегик хомашё ресурслари бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрмиз. Мамлакатингиздаги юқори малакали мутахассислар ва замонавий технологиялар Мўғулистон учун қимматли тажриба манбаи бўлади, – деди “Steppe Kuper” компанияси вице-президенти Бадарч Энхбат.  

Мулоқотда уран, олтин, мис, нодир ер металларини қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича икки томонлама қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.  

Вазирлик ахборот хизматининг қайд этишича, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги умумий ҳамкорлик салоҳияти ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Айниқса, “Навоийуран” давлат корхонасининг тажрибаси ва халқаро лойиҳалардаги иштироки бу ҳамкорликнинг муҳим пойдевори ҳисобланади. Компания ўзининг in-situ leaching технологияси асосида Мўғулистонда уран қидириш ва қазиб олиш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилган.  

Мўғулистонда уран, олтин ва мис каби катта захиралар мавжуд. Франция, Россия, Хитой ва бошқа давлатлар компаниялари бу ерда фаолият юритмоқда.  

Ўзбекистоннинг ҳам бу бозорда ўз ўрнига эга бўлиши икки мамлакат манфаатларига хизмат қилади. Ушбу ҳамкорлик нафақат мавжуд иқтисодий салоҳиятни рўёбга чиқаришга, балки геологик маълумотлар базасини янгилаш, қидирув ишларини такомиллаштириш, экологик стандартларга мос илғор иш усулларини жорий этиш каби вазифаларни ҳам қамраб олади.  

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги геология-қидирув ва тоғ-саноати соҳасидаги ҳамкорлик нафақат икки давлат манфаатларига хизмат қилади, балки минтақавий миқёсда стратегик ресурслардан оқилона фойдаланиш, технологиялар алмашинуви ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим омилга айланиши шубҳасиз.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА