Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши мажлиси доирасида Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегациясининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Бош котиби, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов таъкидлагандек, жорий йилда Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади. Ўтган йиллар давомида икки мамлакат ўртасида ўзаро дўстона муносабатлар йўлга қўйилди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Мўғулистон ҳамкорлиги кўплаб соҳаларда, хусусан, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларидаги алоқалар янада ривожланиб бормоқда.
Учрашувда Мўғулистон Президенти бошчилигидаги делегациянинг яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги иштирокининг чинакамига тарихий аҳамиятга эга эканлиги алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон ва Мўғулистон Президентлари ўртасидаги ишончли ва дўстона алоқалар икки мамлакат касаба уюшмалари ҳамкорлиги учун ҳам кенг имкониятлар яратади.
Бундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси самарали ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқиш, фаолият йўналишларида тажриба алмашиш, икки томонлама ўзаро манфаатли тадбирларни амалга ошириш борасида салмоқли натижаларга эришиши мумкин бўлган кўплаб йўналишлар мавжуд эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларида амалга оширилаётган тизимли ишлар билан таништирилди. Шунингдек, учрашувда Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси фаолиятининг асосий йўналишларида олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Эркин фикр алмашув форматида ўтган учрашув давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Г.Сатторова, ЎзА