Ўзбекистон ва Мўғулистон геология соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Уран ва ноёб металларни қидириш борасида икки давлат ўртасида йўлга қўйилаётган қўшма лойиҳалар нафақат иқтисодий алоқаларни, балки илмий-техникавий ҳамкорликни ҳам янги босқичга кўтаради.
Шу кунларда Мўғулистонда амалий сафарда бўлиб турган Ўзбекистон делегация аъзолари мезбон томон билан бу борада музокаралар ўтказиб, қатор келишувларга эришди.
Хусусан, "Навоийуран" ДК тасарруфидаги “Уран ва ноёб металлар геологияси” илмий-ишлаб чиқариш маркази бош геологи Ҳусниддин Оловов, “Uzbek Overseas Geology Company” бош директори Ҳайитбой Омонов ҳамда Мўғулистоннинг "Mon-Atom" компанияси вакиллари ўртасида ўтказилган навбатдаги учрашув ҳам улардан биридир.
Унда томонлар стратегик аҳамиятга эга бўлган уран қазиб олишга оид қидирув ишларини ташкил этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.
Қайд этилишича, "Mon-Atom" компанияси томонидан таклиф этилган олтита истиқболли майдон бўйича “Навоийуран” ДК ва “Uzbek Overseas Geology Company” мутахассислари 15 минг метрдан ортиқ тасдиқловчи бурғилаш ишлари лойиҳасини ишлаб чиққан. Шунингдек, кенг кўламли геологик, геофизик ва лаборатория тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда қидирув ишлари учун тегишли рухсатномаларни олиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Учрашув жараёнида "Mon-Atom" компанияси вакиллари ушбу майдонларда амалга оширилиши режалаштирилган бурғилаш ишлари ҳажми билан батафсил танишиб, уларнинг истиқболини юқори баҳолади. Шу билан бирга, улар геология соҳасидаги қўшма фаолият икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва илмий-техникавий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидлади. Режаларга асосан мазкур истиқболли майдонларда қидирув ишларини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.
Компания ахборот хизматига кўра, бундай ҳамкорлик нафақат янги қазилма захираларини аниқлаш, балки Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида табиий ресурслар соҳасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантиради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА