Миср туризм ва қадимий обидалар вазири Шариф Фатҳий Мисрга расмий ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти раҳбари ва Ўзбекистон Маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
“Almasdar” нашри хабарига кўра, мулоқот давомида мамлакатларимиз ўртасида туризм ва археология соҳаларида, хусусан, ўлкадаги музейлардан яширинча олиб чиқилган қадимий буюмларни қайтариш борасида ҳамкорликни кучайтириш йўллари муҳокама қилинди. Томонлар шунингдек, Ўзбекистонда Миср қадимий буюмларининг кўргазмасини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишди.

Шариф ФатҳийМиср ва Ўзбекистон ўртасидаги чуқур дўстликни таъкидлаб, барча соҳаларда муносабатларни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, маданий мерос ва туризм йўналишларидаги ҳамкорлик икки халқ ўртасидаги ўзаро тушуниш ва эҳтиромни мустаҳкамлайди.
Ўз навбатида,Гаянэ Умерова самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, вазирни “Буюк Миср” музейининг очилиши билан табриклади ва музейларни бошқариш, антик буюмларни тиклаш бўйича Миср тажрибасидан фойдаланишга қизиқиш билдирди.
М.Пирматова, ЎзА