23 январь – Ўзбекистон ва Миср ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган сана. Йиллар давомида икки давлат ҳамкорлиги турли соҳаларда изчил ривожланди. Ўзароалоқаларнинг мустаҳкам пойдевори тарих, маънавият ва илм йўлидаги муштараклик экани тобора аён бўлмоқда.
Асрлар ортидан келаётган умумий маънавият
Ўзбекистон ва Миср инсоният тамаддуни ўчоқлари саналади. Нил водийсида шаклланган қадим маданият билан Зарафшон ва Амударё воҳаларида юзага келган илмий-маърифий муҳит ўртасида тарихий уйғунлик мавжуд.
Ислом цивилизацияси ривожланган даврларда Бухоро, Самарқанд, Хоразм юксак илм марказларига айланган, худди шундай Қоҳира ҳам нуфузли илмий маскан номини олган. Ал-Азҳар масжиди ва университети асрлар давомида мусулмон оламининг маънавий қутби бўлиб келмоқда.
Тарихий манбаларда Марказий Осиёдан чиққан кўплаб уламо ва толиби илмлар Мисрда таҳсил олгани, айримлари ўшаюртда фаолият юритгани қайд этилган. Бу ҳолат икки халқ ўртасидаги маънавий алоқалар тасодифий эмас, балки чуқур илдизларга эгалигини кўрсатади.
Таълим соҳасидаги яқинлашув
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Миср илмий ҳамкорлиги янги босқичга чиқди. Айниқса, исломшунослик, араб тили, тарих ва маданият йўналишларида алмашинув кўлами кенгаймоқда. Жумладан, ўтган йил 16 апрель куни Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Ал-Азҳар университетида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашди. Мулоқот давомида мазкур дорилфунунда таҳсил олаётган талабаларимиз манфаатини ҳимоя қилиш, хусусан уларнинг ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда ёшларимизни янада жипслаштириш мақсадида Ўзбекистонлик талабалар уюшмасини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Бухоро давлат университети Тарих ва ҳуқуқ факультети делегацияси Миср Миллий китоблар ва архивлар уйида бўлиб, юртимиз ўтмишига оид қўлёзмалар билан танишди.
Ватандош талаба ва тадқиқотчиларимиз Қоҳирадаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётгани, тажриба орттираётгани, мисрлик мутахассислар эса Тошкент ва бошқа шаҳарларимизда ўтказилаётган халқаро анжуманларда фаол иштирок этаётгани ўзаро ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Туризм – тарих ва маданиятни боғлаётган йўл
Ўзбекистонда Мисрга қизиқиш йил сайин ортмоқда. Эҳромлар, Қоҳира музейлари, қадимги ибодатхоналар нафақат дам олиш маскани, балки тарихни ҳис қилиш имконияти ҳам. Мисрлик сайёҳлар учун эса Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар ислом цивилизациясининг тирик ёдгорликлари ҳисобланади. Ўтган йил декабрда Қоҳира шаҳрида ўтказилган мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тадбирда икки мамлакат туризм компаниялари вакиллари шериклик алоқаларини янада кучайтириш, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда мунтазам равишда турлар ташкил этиш мақсадида музокара олиб бордилар.
Бир сўз билан айтсак, орадаги масофа узоқ бўлса-да, Ўзбекистон ва Мисрни тарих, маданият, таълим ва бошқа кўплаб соҳалар билан боғлиқ умумий қадриятлар бирлаштириб туради. Икки халқ орасидаги яқинлик келгусида сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик янада чуқурлашиши учун ишончли маънавий пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Дилшод Ҳамза ўғли, ЎзА