Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Миср ҳамкорлигининг ривожланиши икки минтақа тараққиётига хизмат қилади
17:14 / 2023-02-23

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20-21 февраль кунлари Миср Араб Республикасига қилган ташрифи ҳамда ташриф жараёнида ўтказилган учрашув ва эришилган икки томонлама ҳамкорлик келишувлари халқаро ва маҳаллий экспертлар томонидан ижобий баҳоланмоқда.

Боиси, ушбу ташриф нафақат чуқур тарихи, бой маданий мерос ришталари орқали боғланган Ўзбекистон ва Миср манфаатлари учун шу билан бирга, икки муҳим минтақа, бир томондан Марказий Осиё ва иккинчи томондан Ғарбий Осиё-Шимолий Африка ўртасидаги ҳамкорликнинг фаоллашувига бевосита ижобий таъсир кўрсатиши билан янада аҳамиятлидир.  

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Янги Ўзбекистонни 2022-2026 йилларда ривожлантиришга қаратилган тараққиёт стратегияси мақсадларида анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиб, иқтисодий дипломатияни кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган.  

Юқоридаги мақсаддан келиб чиқан ҳолда Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналиш бўлиб қолса-да, сўнгги икки йилликда Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш бўйича муҳим амалий қадамлар қўйилмоқда.  

Хусусан, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширилган ташрифлардан сўнг Миср Араб Республикасига қилинган ташриф араб дунёси билан алоқаларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.  

Сабаби ҳар икки мамлакат ҳам ўз минтақаларидаги етакчи иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга эга бўлиб бораётган давлатлардан саналади. Бу эса, уларнинг геосиёсий аҳамиятини ошириб, транспорт ва транзит салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Шу боисдан, ташриф нафақат минтақа давлатлари шу билан бирга дунё давлатлари эскпертлари ва таҳлилчилари томонидан ҳам ижобий ҳолат сифатида эътироф этилмоқда.  

Умуман олганда, ташриф давомида бўлиб ўтган учрашувларда, аввало икки мамлакат аҳолиси турмуш фаровонлигини юксалтириш, ўзаро муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.  

Жумладан, Қоҳирадаги “Ал-Иттиҳодия” саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ўртасида бўлиб ўтган учрашувда етакчилар икки мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар - Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва Мисрнинг “Янги Республика” дастури бир-бирига ҳамоҳанг экани, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар уйғунлиги тўғрисида якдил фикр билдирдилар.  

Давлатимиз раҳбари ташрифининг биринчи кунида ушбу мамлакат етакчи компаниялари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашуви эса, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасида янги саҳифа очиб берди. Учрашувда икки томонлама муносабатларда улкан салоҳият борлиги, ишбилармонлик ва тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ўзаро инвестицияларни фаоллаштириш ва савдони ошириш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.  

Бунинг учун эса барча куч ва имкониятлар етарлидир. Хусусан, Ўзбекистон ва Миср ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг амалга оширилмаган улкан салоҳиятлари мавжуд. Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги умумий товар айирбошлаш ҳажми 3,2 бараварга, яъни 2017 йилдаги қарийб 10 миллион доллардан 2022 йилда 30,5 миллион долларга етган.  

Ишбилармон доира вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда эса, умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 20 дан зиёд битим ва шартномаларни амалга ошириш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.  

Хусусан, “Elsewedy Electric” компанияси электр энергияси, трансформаторлар ва кабель маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан, “Orascom Construction” компанияси эса, Ўзбекистонда индустриал парк яратган ҳолда унинг ҳудудида лок-бўёқ маҳсулотлари ва қурилиш материаллари учун кимёвий моддалар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, шунингдек, 100 МВт қувватли шамол электр станциясини қуришдан манфаатдор эканини билдирди.  

Хулоса қилиб айтганда, ташриф умумий дин, ўхшаш анъана ва урф-одатларга асосланган азалий дўстлик ришталари ҳамда икки томонлама муносабатларни дўст халқларимиз фаровонлиги йўлида сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши ва уларга узоқ муддатли руҳ бағишлаши билан янада аҳамиятлидир.  

Олтиной Мамирова,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати  

ЎзА