Марказий Осиё минтақаси ва Россияни кўп асрлик тарихий ва маданий ришталар боғлаб туради. Ўзаро муносабатлар ҳеч қачон биргина дипломатик ёки иқтисодий кўрсаткичлар билан чекланмаган. Улар халқлар, маданиятлар, илм-фан, таълим ва қўшма фаолият натижасида шаклланган. Бугунги кунда ушбу мерос ўзаро ишонч, прагматизм ва суверенитетни ҳурмат қилишга асосланган шериклик пойдеворига айланмоқда.
Шу маънода “Марказий Осиё – Россия” форматидаги сиёсий мулоқотни ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон бу борада олий даражадаги мунтазам учрашувларни ташкил этиш, ҳукуматлар ва вазирликлар ўртасида доимий маслаҳатлашув механизмларини йўлга қўйишни таклиф этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча бор таъкидлаганидек, Россия мамлакатимиз учун доимо асосий, устувор стратегик шерик ва иттифоқчи бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Умумий тарих, кўп асрлик алоқалар ва халқлар ўртасидаги маънавий яқинлик икки томонлама ҳамкорликнинг пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Бу салоҳият бугун жаҳон сиёсатидаги чуқур ўзгаришлар ва трансформация даврига мос янги шериклик босқичига ўтиш имконини беряпти.

“Адолат” социал-демократик партияси ўз сайловолди дастурида барқарор ривожланиш, ижтимоий адолат ва тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган халқаро ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратган. Ўзбекистон Россия билан стратегик ҳамкорликни ана шу мақсадлар, айниқса, иқтисодиёт, транспорт, инновациялар, таълим, энергетика ва гуманитар алмашинув соҳаларидаги вазифаларга эришиш воситаси сифатида кўради.
Иқтисодий шериклик Ўзбекистон – Россия муносабатларининг асоси бўлиб қолмоқда. Жаҳон бозоридаги ноқулай вазият ва ташқи чекловларга қарамай, ўзаро савдо айланмасида барқарор ўсиш кузатилмоқда. Ҳар икки давлат бозорларига кириш имкониятларини енгиллаштириш, ўзаро савдо жараёнларини соддалаштириш ва йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни устувор вазифа сифатида кўрмоқда. Бу борада “Марказий Осиё – Россия агроэкспресси” ташаббусини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ташаббус қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш учун тўғридан-тўғри логистика йўлакларини яратиш, транспорт операцияларини тезлаштириш ҳамда харажатларни камайтириш имконини беради.
Шу билан бирга, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва унинг таркибини диверсификация қилиш чораларини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилмоқда. Бунда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, замонавий сифат стандартларини жорий этиш ҳамда савдо жараёнларини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Минтақанинг интеграциялашган транспорт тармоғини шакллантириш иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. “Шимол – Жануб” йўлаги Ўзбекистон ва Россия учун янги истиқболларни очиб, Марказий Осиёни глобал логистика занжирининг муҳим бўғинига айлантиради. Ўзбекистон автомобиль, темир йўл ва авиация соҳасидаги миллий дастурларни уйғунлаштиришни таклиф этмоқда. Бу эса транспорт-логистика шериклигини комплекс равишда ташкил этишга асос бўлади.
Мазкур йўналишни ривожлантириш доирасида транспорт йўлларини қуриш ва модернизация қилиш, мультимодал марказларни яратиш, божхона ва логистика жараёнларини рақамлаштириш каби чора-тадбирлар кўзда тутилган. Бу ишлар натижасида ташқи таҳдидларга бардош бера оладиган, Шимол ва Жануб ўртасида ишончли транспорт алоқаларини таъминлайдиган ўзаро боғлиқ ва барқарор инфратузилма шаклланиши керак.
Ўзбекистон ва Россия хом ашё савдосидан қўшма ишлаб чиқариш занжирларини яратиш босқичига ўтмоқда. Газ-кимё, металлургия ва машинасозлик соҳаларида стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда замонавий мисни бойитиш кластери ҳамда саноат инжиниринги соҳасидаги ривожланиш бугун янгича интеграциянинг намунасига айланмоқда.
Саноат кооперациясини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Бухорода “Марказий Осиё – Россия” саноат инжиниринги хабини яратиш ташаббусини илгари сурди. Бу лойиҳа университетлар, илмий марказлар ва саноат корхоналарини бирлаштириб, илғор муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда технологик марказга айланиши мумкин.
Инновацион ҳамкорлик “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазма-форуми доирасида ҳам ривожланмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда ўтказилган бешинчи кўргазмада 35 та мамлакатдан 10 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Форум якунида қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувлар имзоланди. Бу форумга “Марказий Осиё – Россия” форматида асосий индустриал майдон мақомини бериш таклифи икки томоннинг инновацион интеграцияни институционал даражада мустаҳкамлаш истагини ифода этмоқда.
Энергетика Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигининг стратегик йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш ва ядро тиббиёт марказини ташкил этиш бўйича тарихий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу технологиялар билан алмашиш ва кадрлар тайёрлашга бўйича ҳамкорликнинг сифат жиҳатдан янги босқичини бошлаб беради.
Ўзбекистонда Атом энергетикаси бўйича компетенциялар минтақавий марказини ташкил этиш ҳамда Москва муҳандислик-физика институтининг Тошкентдаги филиали негизида кадрлар тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиш қўшма илмий-таълим инфратузилмасини шакллантириш йўлида муҳим қадамлардан бўлади.
Бундан ташқари, углеводородларни қидириш ва қайта ишлаш, энергетика соҳасини модернизация қилиш ва энергия самарадор технологияларни жорий этиш соҳаларида ҳам ҳамкорлик кенгаймоқда. “Марказий Осиё – Россия энергетик шериклиги” дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси барқарор энергетика, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни назарда тутади.
Ҳозирги замон иқтисодиёти нафақат ресурслар, балки интеллектуал ечимларни ҳам талаб қилади. Шу нуқтаи назардан рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Марказий Осиё давлатларида “Сколково” инновация маркази филиалларини очиш ҳамда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича Минтақавий эксперт кенгашини ташкил этиш таклифи умумий илмий маконни шакллантириш сари ташланган муҳим қадам ҳисобланади.
Бундай майдонлар илмий тадқиқот институтлари, АT компаниялари ва стартапларнинг салоҳиятини бирлаштириб, илғор технологияларни саноат, таълим ва давлат бошқарувига жорий этишга ёрдам беради. Бу йўналиш “Адолат” партиясининг дастурий тамойилларига, яъни технологик инқилоб шароитида рақамли тенглик ва ижтимоий адолатни таъминлаш вазифаларига тўлиқ мос келади.
Ўзбекистон – Россия муносабатларида гуманитар алоқалар ҳам алоҳида ўрин тутади. Маданият, таълим ва илм-фан жамиятлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайдиган халқлар дипломатиясининг асосини ташкил этади. Ҳар йили Марказий Осиё ва Россия халқларининг этномаданий форумини ўтказиш таклифи маънавий бирдамлик, маданий хилма-хиллик ва ўзаро ҳурматни сақлашга бўлган интилишни акс эттиради.
"Келажак муҳандислари" илмий-таълим консорциумини ташкил этиш ташаббуси ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу консорциум замонавий технологиялардан фойдаланиш кўникмаси ва муҳандислик тафаккурига эга янги авлод мутахассисларини тайёрлаш мақсадида етакчи университет ва илмий-тадқиқот марказларини бирлаштиради. Бугунги кунда Ўзбекистонда Россиянинг 15 та олий таълим муассасаси филиали фаолият юритаётгани қўшма дастурларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Шунингдек, маданий алоқалар соғлиқни сақлаш, она ва бола саломатлиги муҳофазаси, меҳнат мигрантларини ижтимоий мослашуви ва туризмни ривожлантириш соҳасидаги ташаббусларни ҳам ўз ичига олади. Минтақавий туризм йўналишларини кенгайтириш ўзаро ҳамжиҳатлик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Умуман олганда, “Адолат” партиясининг сиёсий концепцияси ижтимоий адолат, тенглик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ғояларига асосланган. Бу тамойиллар ташқи сиёсатда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Россия билан ҳамкорлик нафақат стратегик, балки гуманитар аҳамиятга ҳам эга бўлиб, фуқаролар турмуш даражасини ошириш, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган.
Таълим, тиббиёт, рақамли технологиялар ва саноат соҳаларидаги қўшма лойиҳалар иқтисодий ўсиш билан бирга ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Бу, айниқса, миллионлаб инсонларнинг тақдири давлатлар ўртасидаги ишончга боғлиқ бўлган глобал инқирозлар шароитида жуда муҳимдир.
Жорий йилнинг октябрь ойида Тожикистонда ўтказилган “Марказий Осиё – Россия” форматидаги иккинчи саммит бугун Марказий Осиё халқаро жараёнларнинг тобора мустақил ва масъулиятли иштирокчисига айланаётганини кўрсатди. Шу нуқтаи назардан Россия билан ҳамкорлик тенглик ва ўзаро манфаат тамойилларига асосланган янги босқичга кўтарилмоқда. Минтақа давлатлари ва Россия тинчликни таъминлаш, барқарор тараққиёт ва гуманитар ривожланиш йўлида ҳамкор сифатида фаол иштирок этаётган ҳамжиҳатлик модели шаклланмоқда.
Н.Рашидова
«Адолат» СДП фракция аъзоси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА.