Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Малайзия Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Сери Моҳд Ҳишамудин Мд Юнус билан учрашди.
Унда Малайзия Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг комиссарлари ҳам онлайн равишда иштирок этди.
Учрашув давомида томонлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлар, миллий институтлар фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш амалиёти ҳамда парламент билан ҳамкорлик масалалари юзасидан ўзаро тажриба алмашди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга қаратилган “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Мазкур сафар доирасида Омбудсман Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида Малайзияда яшаётган ҳамда таълим олаётган ҳамюртларимиз билан учрашди. Унда фуқаролар билан очиқ ва қизғин мулоқот ўтказилиб, мурожаатлар ва фикр-мулоҳазалар тингланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА