Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида вазир ўринбосари Алишер Муратов ҳамда Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва муxтор элчиси Гиртс Яунземс бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралардан кўзланган асосий мақсад аҳоли бандлигини ошириш, барқарор даромад манбаларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини такомиллаштириш бўйича икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат бўлди.

Учрашувда камбағалликни қисқартириш сиёсатида маҳаллаларнинг роли, деҳқон xўжаликлари ва кўп тармоқли кооперация тизимини ривожлантириш, аҳолининг касбий ҳамда рақамли кўникмаларини ошириш йўналишлари батафсил муҳокама қилинди. Мавжуд дастурларни янада самарали ташкил этиш ва аҳолининг меҳнат бозоридаги имкониятларини кенгайтириш борасида икки томон ўртасида бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди.
Латвия делегацияси билан мулоқот давомида қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувга эришилди. Рақамли меҳнат бозори платформаларини яратиш ва жорий этиш, яшил қишлоқ хўжалиги, аграр барқарорлик ва экологияга оид инновацион ечимлар, касбий малаκани баҳолаш тизимларини такомиллаштириш, меҳнат инспекцияси фаолияти бўйича ўзаро тажриба алмашилади.

Музокаралар давомида Латвиянинг ижтимоий ҳимоя, меҳнат муносабатлари ва замонавий аграр ишлаб чиқариш соҳасидаги тажрибасини Ўзбекистон амалиётига татбиқ этиш бўйича таклифлар ҳам ўрганилди. Айниқса, касбий тайёргарлик ва меҳнат бозорига қайта адаптация дастурлари бўйича Латвиянинг илғор моделлари Ўзбекистон учун ҳам долзарб ҳисобланади.
Учрашув якунида томонлар икки давлат ўртасидаги институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Меморандум тайёрлаш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Ушбу ҳужжат кейинги йилларда амалга оширилиши кутилаётган қўшма лойиҳалар учун ҳуқуқий асос яратади.
Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги бундай мулоқот ва стратегик ёндашув нафақат иқтисодий алоқаларни кенгайтиради, балки аҳоли бандлигини ошириш, барқарор даромад манбаларини кўпайтириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА