Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳларнинг биринчи йиғилиши онлайн форматда ўтказилди.
Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланиб, улар мустаҳкам тарихий асосларга эга экани ҳамда ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари асосида ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, инвестиция, экспорт, туризм, маданият, таълим, қишлоқ хўжалиги, миграция, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги муносабатларни кенгайтириш муҳокама қилинди.
Парламент аъзолари Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги муносабатларни савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида янада ривожлантиришга эътибор қаратди.
Кўпқиррали ҳамкорликни, хусусан, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги алоқалар, иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, биродарлик алоқаларини ўрнатишда парламентлар иштирокини кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида қўшма ташаббусларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида парламентлараро мулоқотни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА