Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Латвия рақамли технологиялар соҳасида тажриба алмашади
17:03 / 2025-09-11

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Латвиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Яунземс Гиртс билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишлари, хусусан, ёшларни юқори маошли иш ўринлари билан таъминлаш, улар учун масофавий иш имкониятларини кенгайтириш юзасидан сўз юритилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганишга бўлган талаб йил сайин ошиб бораётгани, айниқса, инглиз, япон, корейс ва бошқа тилларга қизиқиш кучаяётгани қайд этилди. Бу жараён IT соҳаси ва рақамли иқтисодиётда ҳамкорлик учун муҳим омил экани таъкидланди.

Шерзод Шерматов учрашувда Латвия компанияларини Ўзбекистонга кенг жалб этиш, уларни IT Park резидентлигига айлантириш бўйича таклифларни илгари сурди. Шунингдек, IT Parkда яратилган имкониятлар, резидентлар учун берилаётган солиқ имтиёзлари ва қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.

Учрашувда стартап экотизимини ривожлантириш масалалари ҳам кўтарилди. Хусусан, Латвия билан ҳамкорликда стартапларни қўллаб-қувватлаш, уларга инвестиция киритиш ва биргаликда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ўз навбатида, элчи Яунземс Гиртс мавжуд ҳамкорлик йўналишлари ва уларни янада ривожлантириш учун юқори салоҳият мавжудлигини билдирди. Шу билан бирга, у Латвия компаниялари жорий йилнинг 23-26 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “ICTWeek Uzbekistan 2025” AKT ҳафталигида иштирок этишини маълум қилди.

Учрашув доирасида шунингдек, киберхавфсизлик, рақамли ҳамкорлик ва рақамли кўникмаларни ривожлантириш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама этилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА