Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Корея педагогик ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқмоқда
09:39 / 2026-02-10

Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида “Кўп маданиятли ва халқаро ҳамкорлик форуми: Глобал ва кўп маданиятли жамиятда Корея–Ўзбекистон таълим ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

Тадбир Корея Республикаси ва Ўзбекистоннинг педагог кадрлар тайёрлашда етакчи олий таълим муассасалари ўртасидаги академик ҳамкорликни ривожлантириш, педагог кадрларни тайёрлаш ва корейс тили таълими соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишга бағишланди. Форумда глобал ва кўп маданиятли жамият шароитида таълим тизимининг ривожи, ўқитувчиларни тайёрлаш жараёнидаги замонавий ёндашувлар, ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳамда корейс тили таълимининг истиқболлари муҳокама қилинди.

Тадбирни Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев, университет ректори Зафар Рахманов ҳамда Чеонгжу Миллий таълим университети вакили Парк Юн Геонг кириш сўзи билан очиб берди. Учрашув давомида таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, педагог кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда таълим мазмунини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Чеонгжу таълим университети, Корея таълим маркази, Тошкент Бучон университети ва “Visang Education” компанияси вакиллари Ўзбекистон таълим тизимига қаратилган эътибор ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиб, корейс тили таълимининг асосий йўналишлари университет билан ҳамкорликда йўлга қўйилаётганидан мамнун эканликларини билдирди.

Форум сессияларда давом этиб, Корея Республикасидаги олий таълим муассасаларида ўқув дастурларини юритиш, иқтидорли болалар таълими ва педагог кадрларни тайёрлаш механизмлари бўйича тажриба алмашилди. Шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, рақамли воситаларнинг таълим сифатини оширишдаги ўрни, Ўзбекистонда корейс тили таълимининг истиқболлари ва глобал компетенцияларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Форум якунида университет ва Visang Education компанияси ўртасида сунъий интеллектга асосланган таълим соҳасида рақамли трансформация ва инновацияларни жорий этиш, корейс тилини ўқитишни кенгайтириш ҳамда таълим самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунга мувофиқ, “АллвиА Connect Learning” платформаси таълим тизимига босқичма-босқич жорий этилади. 2026 йилда Корейс тили ва адабиёти кафедрасида тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади, дастлабки босқичда платформа чекланган миқдордаги талабалар иштирокида синовдан ўтказилади, натижаларга кўра лойиҳа кенгайтирилади.

Режага мувофиқ, 2027–2029 йилларда платформани бошқа педагогика олий таълим муассасаларига татбиқ этиш орқали педагог кадрлар тайёрлаш тизими жадаллаштирилади ва корейс тили ўқитиш сифатини ошириш кўзда тутилган. 2030 йилдан бошлаб эса сунъий интеллектга асосланган тўлиқ таълим экотизими яратиш режалаштирилган.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида таълимга ихтисослашган кичик тил моделлари (sLLM) ва бошқа замонавий технологияларни тадқиқ қилиш ҳамда ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилади. Кейинчалик KOICA каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда корейс ва чет тиллари таълими учун янги имкониятлар яратилади.

Мазкур халқаро форум Корея ва Ўзбекистон таълим ташкилотлари ўртасида тажриба алмашиш, илмий-маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда глобал ва кўп маданиятли жамиятда таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Маълумот учун: Ҳозирда Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида корейс тили адабиёти таълим йўналишларида бакалавр ва магистрлар тайёрланади. Яқинда университет делегацияси Корея Республикасида Данкоок университети ва бошқа олий таълим муассасалари билан келишувларга эришди. Шунга кўра, талабалар алмашинуви йўлга қўйилади, профессор-ўқитувчилар малака оширади ва қўшма ўқув дастурларида иштирок этади.

ЎзА