Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Корея Республикаси Президенти ўртасида бўлиб ўтган онлайн саммит доирасида келгусидаги инвестиция, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий жиҳатларини белгилаб берувчи ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги бир қатор битимлар имзоланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш жамғармаси (EDCF) билан ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича имзоланган доиравий битим доирасида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, таълим ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида жами 1 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, Корея Эксимбанки билан имтиёзли молиялаштириш дастури асосида имзоланган кредит шартномаси орқали ажратиладиган 164 миллион доллар маблағдан Тошкент шаҳрида катталар учун Кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Илмий-тадқиқот ва лойиҳавий институт - Кимёвий технологиялар маркази ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш учун фойдаланилади.
Кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилиши “юрак-қон томир жарроҳлиги”, “ангионеврология”, “нейроонкология мавжуд бўлган мия ва умуртқанинг минимал инвазив жарроҳлиги”, “онкогинекология” ва “реконструктив ортопедия” йўналишларида ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш имконини беради. Шунингдек, Марказда 300 ўринга эга юқори технологияли жарроҳлик мажмуаси барпо этилади. Юқори технологияли ускуналар ёрдамида йилига камида 8,5 минг жарроҳлик амалиёти бажариш имкони яратиладиган ушбу мажмуада 760 та янги иш ўрни пайдо бўлади.
Кимё технологиялари маркази барпо этилиши юқори технологияли илмий-тадқиқот мажмуаси ташкил этишни кўзда тутади. Айни жараёнда асосий вазифа мамлакатимиз кимё саноати салоҳиятини ошириш мақсадида мавжуд табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича замонавий технологияларни жорий этишдан иборат бўлади. Мазкур лойиҳа юртимиз кимё саноати корхоналарида чуқур қайта ишлашнинг инновацион усулларини кенг жорий қилишни ҳамда юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайди. Бунинг натижасида қўшимча 130 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ўртасида “Тўртинчи саноат инқилобига кўмаклашиш мақсадида рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Меморандум” имзоланди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистонда “ақлли” инновация фабрикалари, “ақлли” фермер хўжаликлар ва “ақлли” шаҳарларни яратиш, рақамли соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш ва инсон ресурсларини ривожлантиришни кўзда тутади.
ЎзА