French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Корея ўртасида IT соҳасидаги ҳамкорлик янада кенгаяди
08:43 / 2021-12-19

Корея Республикаси билан ҳамкорликнинг энг устувор йўналишларидан бири айнан рақамли ва ахборот технологиялари соҳаси этиб белгиланмоқда.

 Маълумки, ушбу давлат электрон ҳукумат, ахборот технологияларини жорий этиш бўйича дунёда етакчилардан саналади. Йиллар давомида Корея мазкур йўналишда мустаҳкам замин яратган. Бу эса соҳада улкан марраларни забт этишда муҳим аҳамият касб этган.

Ҳозир инфратузилма яратиш бўйича Корея – Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда барча хонадонлар, ижтимоий объектларга ўтказилаётган оптик толали кабелни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Кейинги йил тайёр маҳсулот ҳажмини камида икки баробар ошириш режалаштирилган. Бу эса импортни камайтириш билан бирга, экспортга чиқиш имконини яратади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16-18 декабрь кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида IT-Park билан КОIКА ташкилоти ўртасида 4,5 миллион долларлик грант бўйича ҳужжат имзоланди. Ўзбекистонлик ёшларни ахборот технологиялари соҳаси бўйича ўқитиш, жойлардаги IT марказларида КОIКА кўмагида янги, замонавий таълим услубларини жорий этишга келишилди. Яна бир муҳим йўналиш сифатида ёшларимизга корейс тилини мукаммал ўргатиш белгиланди. Бу орқали Корея бозорига муайян хизматларни экспорт қилиш имкониятимиз кенгаяди.

Тошкентдаги Инҳа университетида таълим йўналишларини кенгайтириш, жумладан, сунъий интеллект, ахборот хавфсизлиги ўқув дастурларини кўпайтириш зарурлиги маъқулланди. Шунингдек, Кореянинг Давлат бошқаруви ва Ахборот технологиялари фанини ривожлантириш вазирликлари билан ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олинди.

Маълумки, барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ахборот технологиялари кенг жорий этилиши Кореяда давлат хизмати кўрсатиш сифатини юқори даражага олиб чиқишга кўмаклашган. Мазкур тажрибани қўллаш орқали Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизимини ривожлантиришга эришиш мақсадида ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда. Қолаверса, ишлаб чиқариш ва бошқа турли тармоқларда иқтисодий самарадорликни таъминлашда айнан ахборот технологияларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Корея Республикасига давлат ташрифи ахборот технологияларини ривожлантириш, хусусан, IT-Park кадрлари салоҳиятини юқори даражага кўтаришга катта ҳисса қўшади. Бундан ташқари, IT-Park резидентларининг янги бозорларда ўз йўналишларини очишига, соҳада янги хизматлар жорий этилишига замин яратади.

Шерзод ШЕРМАТОВ,
ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири.

ЎзА